Ассалому алайкум, Гулсара опа!
Балки эслай олмассиз, мен сиз ўқитган юзлаб ўқувчиларингиздан бириман. Биласизми, илк сабоғингиздаёқ жиддий инсон сифатида тасаввур уйғотгансиз. Улғайганимдан сўнг англадимки, қаттиққўллик қилмаганингизда, болаликка хос бебошлигимиз, шўхликларимиз бизни ўқишдан чалғитган бўларди.
Аммо ана шу жиддийлик замирида улкан меҳр яширин эканлигини хатоларимизни кечиришингиздан, ҳар дам қўллаб-қувватлашингиздан сезганмиз. Ишонасизми, сиз кўп бора айтган “Сенинг қўлингдан келади, ҳаракат қилсанг, эплайсан!”, мазмунидаги далдангиз қийин вазиятга тушиб қолган пайтларимда ҳамон ўзимни ўнглаб олишга, ҳаёт йўлларида мардонавор давом этишга ундайди.
Эслайсизми, бизни мактаб кутубхонасига бошлаб боргандингиз. Кутубхоначи кичик жуссаларимиз сабаб бўлса керак: “Булар ўқишни биладими, ишқилиб”, дея сўраганди, қатъий жавоб қайтаргансиз: “Ўқийди”. Бу гап шундай ишонч билан айтилгандики, ана шу ишонч ўзимизда ҳам йўқ эди, аслида.
Мен танлаган китоб кутубхоначи опага маъқул келмаган, у кўриниши журналларга ўхшаш ҳарфлари катта-катта, расмли китобни қўлимга тутқазди: “Мана шуниси дуруст”. Бу ҳикоя онам айтиб берадиган эртаклардан, ўқиш китобидаги асарлардан анча фарқ қиларди.
Ёвга қарши қаҳрамонона курашган боланинг ҳикоя сўнггида душманлар томонидан қатл этилиши юрагимни ларзага солган. Шу тариқа адабиётнинг соҳир оламига етаклаб киргандингиз. Айни воқеа келажакда қайси касб эгаси бўлишимни белгилаган бўлса, ажаб эмас.
Аминман, қизиқиш ва интилишлари сиз туфайли рағбат топган барча синфдошларим ва бошқа шогирдларингиз чексиз миннатдор. Биламан, ҳар биримизнинг ютуқларимиздан қувонасиз, муваффақиятларимизни ўзингизникидан қабул қиласиз. Бунга тўла ҳақлисиз, зеро ҳар бир шогирдингиз йўлларини ёритаётган маърифат олови сиз юрагимизга ташлаган чўғдан алангаланган.
Анча йиллар ўтиб, учрашганимизда юзларингиздаги ажинларни кўриб, бироз хижолат тортганман. Уларда ўз ҳиссам бордек туйилган. Чунки сиз юзлаб инсонларни тарбияламоқ, тафаккурига илм зиёсини сингдириш учун борлиғингизни, умрингизни бағишладингиз. Ҳатто айримлар оиласида ололмаган қалб илиқлигини сиздан кўрган.
Аммо овозингизда ўша биз ҳеч қачон унутмайдиган қатъият йўқолмаган, нигоҳингиздан эса меҳр ёғилиб туради. Гулсара опа, биламан, бугунги байрам билан сизни кўплар қутлайди. Улар орасида бироз бебош, болаликда билиб-билмай сизга озорлар етказган шогирдингиз ҳам бор. Доим омон бўлинг, муаллим!
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” газетаси мухбири.