Пахтакор аҳли 2025 йилни ҳар йилгидай кутиб олишди. Болалар учун байрамлар ташкил этилди. Шундан сўнг одамлар яна одатдаги турмуш ташвишлари билан бўлиб кетишди. 4 январь куни Пахтакорда “Туманга янги вилоят ҳокими келармиш” деган миш-миш тарқалди.
Дарҳақиқат, жорий йилнинг 5 январь куни Пахтакор туманига вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев ташриф буюрди. У тумандаги барча маҳаллалар қаторида Самарқанд маҳалласида ҳам бўлиб, аҳоли турмуш шароити, инфратузилмалар ҳолати, маҳаллада “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг бажарилишини ўрганиб чиқди.
Вилоят раҳбари аҳоли хонадонларига кириб, кўп йиллардан буён туманда яшаётган одамлар билан суҳбатлашди. Уларга биттагина савол берди. Шундай яшаш сизларни қониқтирадими? Бу саволга ҳар ким турлича жавоб берди. Лекин вилоят раҳбари ўшанда Пахтакорда жиддий ўзгаришлар қилиниши кераклиги ҳақида аниқ тўхтамга келган эди. Ўрганишлар, аҳоли билан қилинган юзма-юз суҳбатлар асосида туман аҳолиси учун муносиб турмуш шароитини яратиш, кўп қаватли уй-жойлар ҳолатини яхшилаш, атроф-муҳитни ободонлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси белгиланди.
Бугун Пахтакор туманига йўлингиз тушса катта магистраль йўлнинг туман ҳудудидан ўтувчи ҳар икки томонида ҳам олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларига кўзингиз тушади. Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг 2025 йил 30 июлдаги қарорига асосан ҳудуддаги 155 та кўп қаватли уйларни таъмирлаш учун республика бюджетидан 21 млрд 202 млн сўм маблағ ажратилди. Айни пайтда ҳудуддаги бешта бошқарув сервис компаниялари ҳисоб рақамига ўтказилган маблағлар ҳисобидан кўп қаватли уйларнинг фасад қисмига базальт қопламаси ихоталаниб, сувоқлаш ва пардозлаш ишлари олиб борилаётир.
—Орттирилган маблағлар эса Дилором, Олмазор маҳаллаларидаги 36 та кўп қаватли уй-жойларнинг фасад қисмини таъмирлашга йўналтирилмоқда,—дейди туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Баҳодир Неъматов. —Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашининг 2025 йил 24 сентябрдаги қарорига асосан “Буюк Ипак йўли” МФЙ ҳудудидаги 104 та кўп қаватли уй-жойларнинг фасад қисмини базальт қопламаси билан қоплаш мақсадида маблағ ажратилди. Бу ерда ҳам таъмирлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Пахтакор туманида 1960-1990 йиллар оралиғида қурилган кўп қаватли уй-жойлар 502 тани ташкил этади. Айниқса, Буюк Ипак йўли, Мингчинор, Пахтакор, Чаманзор, Дилором, Боғишамол маҳаллаларидаги кўп қаватли уй-жойларнинг аксариятининг қурилганига 50-60 йиллар бўлди. Аҳоли узоқ вақт ўз муддатини ўтаб бўлган, зах ва шўр босган, иссиқлик, ичимлик ва оқова сув таъминоти ишдан чиққан уйларда абгор ҳолда яшашга мажбур эди. Вилоят раҳбарининг мазкур ҳудуд инфратузилмаси билан яқиндан танишгани, ҳар бир уйга ҳомийлар бириктирилгани натижасида муаммолар бартараф этилаётир.
—Мен туғилганимдан буён шу маҳаллада яшайман,—дейди меҳнат фахрийси Зоҳир Бойматов. —Одам ўта ёмон шароитда яшаса ҳам “ҳаёт шу экан-да” деб кўникиб қоларкан. Маҳалламизда бўладиган ўзгаришларни кўриб, яратганга шукроналар келтираман, раҳбарларга ташаккур айтаман. Демак, инсон хоҳласа яхши яшаши мумкин экан.
Биргина Самарқанд маҳалласида 6000 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Шундан 2670 нафари кўп қаватли уй-жойларда яшайди.
—Ишимиз кўпайди, бош қашишга вақт йўқ, —дейди “Paxtakor Sher gold servis” МЧЖ бошқарув сервис компанияси раҳбари Шерзод Жўрабоев. —Самарқанд, Тошкент ҳамда Мингчинор маҳаллалари ҳудудидаги 83 та кўп қаватли уй-жойларнинг фасад қисми базальт қопламаси билан ихоталанаяпти. Ҳудудимиздаги кўп қаватли уйларнинг 197 та кириш йўлакларига темир эшик ўрнатилди. 72 та фрамуга ромлари, 101 та электр шитлар алмаштирилди. 286 та тунги чироқлар ўрнатилади. Самарқанд маҳалласида 2 та янги болалар майдончаси барпо этдик. 48-, 49 кўп қаватли уйлар атрофидаги умумий ҳожатхоналар бузиб ташланди. Улар ўрнида санитария-гигиена талабларига мос янги замонавий 4 та санузеллар ва ювиниш хоналари кўп қаватли уйларнинг ичкариги қисмида бунёд этилди.
—Самарқанд маҳалласидаги 4-уйда истиқомат қиламан,—дейди Наргиза Умирова. —Сўнгги саккиз ой ичида маҳалламиз янада чирой очди. Уйлар атрофига дов-дарахтлар, гуллар экилди. Ноқонуний қурилишлар бузиб ташланди. Йўлаклар бетон қилинди, тунги ёриткичлар ўрнатилиб, кириш йўлаклари тартибга келтирилди. Айниқса, эрталаб ва оқшомда маҳалламиз ҳудудидан ўтган, янги қиёфа касб этган Жанубий Мирзачўл каналининг соҳил бўйига ташриф буюрувчиларнинг сафи кенгайиб бораяпти. Ана шундай хайрли ишлар бошида турган вилоят ва туман ҳокимларига, ҳомийларга, қурувчилар, бошқарув сервис компанияси раҳбарларига миннатдорчилик билдирамиз.
Тумандаги аксарият кўп қаватли уйларнинг оқова сув тармоғи билан боғлиқ муаммолар аҳолини йиллар давомида қийнаб келарди. Айни пайтда “Файз коммунал қурилиш” МЧЖ қурувчилари томонидан Олмазор, Оқбулоқ, Дилором, Ғалаба, Сувонобод ҳамда Дўстлик маҳаллалари аҳолиси учун янги 20 километр канализация тармоғи тортилди. Мавжуд 17 километр эски тармоқ тозаланиб, ишга туширилди. Лойиҳага кўра, Оқбулоқ маҳалласи ҳудудида турк технологияси асосида ишлайдиган, бир суткада 7000 куб метр оқова сувни тозалаб берувчи иншоот барпо этилиши режалаштирилган.
Хуллас, кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи 17500 нафардан ортиқ пахтакорликнинг турмуш даражаси яхшиланмоқда. Энди куз-қиш мавсумида бамайлихотир шинам, ёруғ, иссиқ хоналарда муносиб шароитларда яшашларидан бахтиёр улар.
Зоир ЭРГАШЕВ.