Етмиш учга кириб ҳам тиниб-тинчимайдиган, қадамидан ўт чақнайдиган Олим бобо учун боғбонлик ота мерос касб. Ўғилой она билан умргузаронлик қилиб, икки ўғил, бир қизни тарбиялаб, уйли-жойли қилган Олим бобо узоқ йиллар Музбулоқ, Зарбулоқ хўжаликларида раҳбарлик қилди. Ернинг тилини яхши тушунадиган деҳқон боласи мана йигирма йилдирки томорқаси кетидан рўзғорига барака киритиб келаётган замондошларимиздан.
Хонадон дарвозасидан кириб келишингиз билан турфа яшилликларга кўзингиз тушади. Ўнг тарафда узумзор, ундан сал нарида анорзор, анжирзор, кўчатзор, теракзор ва ҳоказо.
—Ўн саккиз жонни шу томорқа боқади,—дейди уста боғбон Олим Ғайбуллаев. —Манови шарбат, бу қиём, буниси ўрик қоқи. Бизникида қоғоз конфет ейилмайди. Барчаси табиий, тоза маҳсулотлар билан дастурхон тузалади.
Дарҳақиқат, етмиш сотихли томорқада эрта баҳордан то кеч кузга қадар навбати билан пишиб етиладиган меванинг деярли барча турини учратиш мумкин. Айримлари тўғриси биз учун янгилик бўлди. Бу йил 1500 туп малина экиб, бир тоннача ҳосил олдик. Килосини 40000 сўмдан тадбиркорларга ўтказдик. Малинанинг йилига икки бор май ва сентябрь ойларида мевасини йиғиштириб олиш мумкин.

Боғда шиғил солган анорлар эътиборимизни тортди. Тўнғич ўғил Келдибек бизга ҳамроҳлик қилди. Унинг айтишича, анор ва анжирларнинг экилганига 20-25 йиллар бўлибди. Ҳар туп анор 75-80 килогача ҳосил бераркан. Боғда олти турдаги анор ҳамда тўрт турдаги сариқ, қора, хундука ва ноканжирлар парвариш қилинмоқда.
—Хонадонимизда кўчатчиликка отам алоҳида эътибор қаратади,—дейди Келдибек Ғайбуллаев. —Томорқамизда ризамат, мерседес, ҳусайни каби бозорбоп узум навларининг кўчатлари, шунингдек, буюртма асосида оқмағиз ёнғоқ, анжиршафтоли, қантак ўрик каби кўчатлар етиштирилади. Ҳар мавсум 3-4 минг туп кўчатларни қўни-қўшнилар, қариндошлар, маҳаллий тадбиркорларга етказиб берамиз. Ҳар бир туп кўчатнинг нархи 4000 сўмдан 12000 минг сўмгачани ташкил қилади. Кўчатчиликнинг ўзини бир даромад манбаи дейиш мумкин.
Хонадон томорқасида оқ кишмиш, қора кишмиш, сариқ кишмиш, гигант кишмиш, хасайни каби узум навларидан вино ҳамда мусаллас тайёрланади.
—Кичик фарзанд Улуғбекжон “Асакабанк”нинг туман филиалидан “Бизнесга биринчи қадам” дастури бўйича 17 миллион сўм имтиёзли кредит олди,—дейди “Булоқбоши” МФЙга бириктирилган ҳоким ёрдамчиси Хуршид Худойқулов. —Айни пайтда бир сотихли сув ҳавзасида маринка балиқ тури парваришланаётир. Оилавий тадбиркорлар янги йил байрами арафасида тайёр бўладиган 800 кило балиқларни сотувга чиқаришни режалаштиришган.
Боғдорчилик, томорқачилик қилиб йилига 200-250 млн сўмгача даромад топаётган бундай оилалар сафи маҳаллада кўпаяверсин деймиз.
Зоир ЭРГАШЕВ.