Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг еттинчи чақириқ 36-сессияси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят Кенгаши депутатлари, Ёшлар парламенти аъзолари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоятдаги бошқарма ва ташкилот раҳбарлари, ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Сессияни Кенгаш раиси Байрамбек Узоқов бошқариб борди ҳамда депутатларни кун тартиби ва иш регламенти билан таништирди.
Дастлаб, кун тартибидан ўрин олган “Фориш туманида “Қизилқум” МФЙ ҳудудидан Атом электр станцияси қурилиши муносабати билан жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш бўйича тақдимот материалларини кўриб чиқиш ва мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказишга рухсат бериш тўғрисида”ги масала юзасидан Фориш тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Шавкат Узоқов маъруза қилди. Унда ушбу лойиҳа доирасида 10 нафар ҳуқуқ эгаларига тегишли турар ва нотурар жой бинолари ҳамда ер майдонларини жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига кўчириш (бузиш) масаласи кўриб чиқилди. Мазкур жараёнда мулкдорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини инобатга олган ҳолда, улар билан қонунчиликда белгиланган тартибда очиқ муҳокама ўтказиш ҳамда унинг натижаларини расмийлаштириш тартиби белгиланди.
Шундан сўнг “Вилоят маҳаллий бюджет даромадлари бажарилиши ҳолати, қўшимча резервларни аниқлаш бўйича қилинган ишлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар кесимида бюджетга ҳисобланган ва амалда тўланганлиги, улар бўйича солиқ қарздорлиги тўғрисида”ги масала бўйича вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Алишер Анваровнинг ҳисоботи тингланди. Унда айтилишича, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида вилоят бюджети даромадлари прогнози 117,4 фоизга бажарилиб, режадан ташқари 370,5 миллиард сўм қўшимча тушум таъминланган. Шунингдек, сессия қатнашчилари солиқ тушумларини кўпайтириш, қўшимча даромад манбаларини аниқлаш ва уларни бюджетга ундирувини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар.
Шунингдек, сессияда “Жиззах вилоятининг 2026 йил учун маҳаллий бюджет даромадлари прогноз кўрсаткичларини тасдиқлаш тўғрисида”, “Paxtakor gold textile” МЧЖнинг юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғи ҳамда сув ресурсларидан фойданганлик учун қарздорлигини тўлашни кечиктириш тўғрисида” ҳамда “EAST COLUMN” МЧЖнинг юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғи қарздорлигини тўлашни кечиктириш тўғрисида”ги масалалар депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.
Куни кеча бўлиб ўтган Кенгашнинг еттинчи чақириқ 37-сессиясида “Фориш туманида “Қизилқум” МФЙ ҳудудидан Атом электр станцияси қурилиши муносабати билан ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун ҳуқуқ эгаларидан олиб қўйиш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
Вилоят Кенгашининг еттинчи чақириқ 36- ва 37-сессияларидан ўрин олган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.