ЭКОФОРУМ ЖИЗЗАХЛИК ЁШЛАРНИ БИРЛАШТИРДИ

Ўтган ҳафта якунида Жиззах шаҳрида минглаб ёшларни қамраб олган “Яшил келажак сари” экофоруми ўтказилди. Форум Ўзбекистон Экологик партияси Жиззах вилоят кенгаши ташаббуси билан тарғибот, илмийлик ва амалий йўналишларда ташкил этилди.

Дастлаб форум иштирокчилари “Соғлом ҳаёт учун 5000 минг қадам” акцияси доирасида Жиззах политехника институти ҳудудидаги стадионда саломатлик қадамларини ташлашди. Иштирокчиларга юриш шунчаки ҳаракат эмас, балки соғликни сақлаш гарови эканлиги, пиёда юриш ёки экологик тоза транспорт воситаларида ҳаракатланишнинг афзалликлари ҳақида тушунча берилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев иштирок этди. Форум доирасида Жиззах политехника институтида вилоятдаги қатор йирик ишлаб чиқариш корхоналари, қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда сувни тежовчи инновацион технологиялар кўргазмаси ташкил этилди.

Кўргазма  “Иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланишда илм-фан ютуқлари” мавзусида республика илмий-амалий конференциясига уланди. Анжуманда иқлим ўзгариши, экология ва барқарор ривожланиш соҳаларидаги илмий тадқиқотлар, қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда халқаро тажрибалар муҳокама қилинди. Конференция давомида иқтидорли ёшлар томонидан экология йўналишида ишлаб чиқилган бир қатор янги ва истиқболли лойиҳалар тақдим этилди. Партия вакиллари ушбу лойиҳаларни амалий ҳаётга жорий этиш бўйича тавсиялар бериб, уларни рўёбга чиқаришда тегишли мутахассислар ёрдамини ташкил этишини маълум қилдилар

Форум давомида Шароф Рашидов тумани “Тоқчилик” маҳалласи ҳудудида “Тозалик ва озодалик ойлиги” доирасида плоггинг акцияси ҳам ўтказилди. Плоггингда кўнгилли ёшлар кўп қаватли уйлар атрофида сочилиб кетган чиқиндиларни йиғиш, тозаликни таъминлашда ҳисса қўшдилар.

Форум якунида ҳудудда жойлашган 61-мактаб атрофида дарахт экиш акцияси ташкил этилди. Унда мактаб ўқувчилари, маҳалла оқсоқоллари ҳам иштирок этиб, яшил оламни яратишга ҳисса қўшдилар. Акция давомида экилган кўчатларнинг экологик фойдаси ва афзалликлари ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *