Инсоният тарихида шундай касб эгалари борки, уларнинг фаолияти жамиятнинг маънавий қиёфасини белгилайди, келажак авлод дунёқарашини шакллантиради. Ана шундай эзгу ва масъулиятли вазифани шиор қилиб, Жиззах воҳасида ахборот-кутубхона соҳасини янги босқичга олиб чиққан, умрини маърифат тарқатишга бахш этган заҳматкаш олима, жонкуяр раҳбар ва меҳрибон устоз –Шароф Рашидов номидаги Жиззах вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Ҳафиза Ғофуровна Қудратова қутлуғ 60 ёшини қаршиламоқда.
Ҳафиза Ғофуровнанинг илм ва маърифат йўлидаги хизматлари унинг заҳматкаш зиёли оиласи билан чамбарчас боғлиқ. Унинг отаси — таниқли педагог, бутун воҳада ном қозонган нуроний устоз Ғофур Қудратович 1974 йилда Жиззах вилояти мустақил ҳудуд сифатида ташкил этилиши ҳамда Жиззах давлат педагогика институти илк пойдевори қўйилишида фаол иштирок этган жонкуяр инсонлардан эди. Институтда оддий ўқитувчиликдан факультет декани даражасигача бўлган шарафли ва машаққатли йўлни босиб ўтган Ғ.Қудратовичнинг илмий-педагогик ёндашуви хонадонда юксак маърифий муҳитни қарор топтирди. Бу муҳит ёш Ҳафизанинг қалбида китобга, илм-фанга ва инсонларга хизмат қилишга бўлган чексиз муҳаббатни уйғотди.
Ҳафиза опа меҳнат фаолиятини 1983 йил 1 сентябрда Жиззах вилоят илмий-универсал кутубхонасида оддий ходим сифатида бошлади. Ишга бўлган масъулияти ва китобхонларга бўлган самимий муносабати туфайли у соҳанинг сир-асрорларини қуйи тизимдан бошлаб пухта ўрганди. Кейинчалик Жиззах давлат педагогика институтининг она тили ва адабиёти факултетини тамомлаб, ўз билимини янада мустаҳкамлади. Ҳафиза опа ўз фаолиятида отасидан мерос бўлиб келаётган «Устоз-шогирд» анъаналарига қатъий риоя қилиб, вилоятдаги ёш ахборот-кутубхона мутахассисларини тайёрлаш ва уларнинг касбий маҳоратини оширишда ўзига хос тизимли мактаб ярата олди. Бугунги кунда ушбу анъана шунчаки иш услуби эмас, балки катта бир илмий-амалий мактабга айланди. Устоз яратган ушбу тизим йиллар давомида кутубхоначилик касбининг нуфузини оширишга ва воҳада юзлаб малакали кадрлар етишиб чиқишига хизмат қилди.
Ҳафиза опа кутубхонада қаттиққўл ва талабчан раҳбар бўлса, ўз хонадонида меҳрибон рафиқа, суюкли она ва ардоқли бувидир. У киши турмуш ўртоғи билан биргаликда икки нафар фарзандни эл-юртга нафи тегадиган, юксак маънавиятли, олий маълумотли инсонлар қилиб тарбиялади.
Ҳафиза Қудратованинг соҳани ривожлантириш, китобхонликни юксалтириш ва жамоат ишларидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, “Халқ таълими аълочиси”, “Мўътабар аёл”, “Ахборот-кутубхона аълочиси”, “Маърифат фидоийси” кўкрак нишонлари ҳамда юртимиз мустақиллигининг 35 йиллиги кўкрак нишони билан тақдирланган. Умрининг олтмиш йиллик довонини баланд орзулар, улуғвор мақсадлар ва хайрли амаллар билан забт этган Ҳафиза Ғофуровнанинг ҳаёт йўли ва илмий-ташкилий фаолияти бугунги кунда ҳақиқий ибрат мактабидир.
Вилоятимиз аҳли, зиёлилар, кенг китобхонлар жамияти ҳамда шогирдларингиз номидан Сизни, муҳтарам Устоз, қутлуғ 60 йиллик юбилейингиз билан чин қалбдан самимий муборакбод этамиз! Сизга Аллоҳдан узоқ ва баракали умр, мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, фарзандлар ва набиралар камолини кўриб юриш насиб этишини тилаймиз!
Шоҳиста НОРМАТОВА,
Шароф Рашидов номидаги
Жиззах вилоят ахборот-кутубхона
маркази директор ўринбосари.