Саёҳат янги воқеликлар, қизиқарли таассуротлар, янгиланиш палласи ва одатий ҳаёт тарзидан чекиниш имкониятидир. Саёҳат орқали руҳият янгиланади, ўзингга яқинлашиш, қалбингга қулоқ солиш имкони пайдо бўлади. Натижада киши ўз қалбини тинглаш, ҳаётнинг маъноси ҳақида кўпроқ фикр юритиш учун қимматли фурсатларга эга бўлади.
Айниқса, кузги саёҳатлар кишининг руҳий барқарорлиги учун жуда муҳим. Бежизга бу фаслни “донишманд куз” деб аташмайди. Табиат қайноқ ва шўх ёздан сўнг сарҳисоб саҳифасини очади. Шу сабаб куз ижодкорларнинг севимли фасли. Ҳар бир инсон бу фаслда ўз умрига бошқача назар ташлаш, унинг мазмуни ҳақида охири йўқ хаёлларга берилиб кетишдан ўзини тия олмайди.
Университетимизда жорий ўқув йилидан бошлаб профессор-ўқитувчилар ва ходимлар учун ажойиб янгиликлар қаторида саёҳат қилиш имконияти ҳам яратиб берилдики, бу янгилик ҳар биримизнинг ҳаётимизда яшаш ва меҳнат сифатини яхшилаётгани тоборо аниқ бўлиб бораяпти. Гап шундаки, сентябрь ойидан бошлаб ҳар ҳафта дам олиш кунлари факультетлар кесимида кафедралар, фахрий устозлар, университет ходимлари жадвал асосида ички туризмга жалб этилмоқда. Шанба-якшанба кунлари жамоадошлар олдиндан буюртма берилган автоуловларда Зомин, Самарқанд, Бухоро каби сайёҳлик маконларига дам олиш учун жўнаб кетишмоқда.

Жумладан, фахрий устозларнинг бир гуруҳи яқинда Зомин туризм-рекреацион ҳудудида бўлиб, Суффа текислигида қад ростлаган энг замонавий меҳмонхонага жойлашдик. Икки кун давомида мусаффо тоғи ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олдик, меҳмонхона хизматларидан фойдаландик. Осма дор йўли, осма кўприкда сайр қилдик. Очиғи, Жиззахда яшасак ҳам Зоминда сайёҳлик хизматлари бу қадар ривожланиб кетганини билмас эканмиз. Сайёҳлар жуда кўп, аксарияти олис вилоятлардан, хориждан келганлар ҳам кўп. Шубҳасиз, бундай янгиликлар билан танишиш бизда чексиз ғурур, устоз қадрини ҳис этиш, юртимиздаги ўзгаришлардан фахр туйғусини уйғотди. Устоз сифатида яна бир бор эъзозланган бўлсак, Ўзбекистон фуқароси сифатида юртимизда инсон қадри улуғлигини чин дилдан ҳис қилдик.

Энг муҳими, бу саёҳатлар тўлиғича университетимиз бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ташкил қилинмоқда. Транспорт, меҳмонхона харажатлари тўлиғича университет томонидан қопланмоқда. Олий ўқув юрти ректори Мақсуджон Юлдашев бу хайрли ташаббус эгаси сифатида касаба уюшмаларининг таъсирчанлигини ошириш, педагог ва ходимларнинг иш унумдорлигини рағбат орқали кўтаришни мақсад қилган. Ташкилот иши фақатгина раҳбар-ходим эмас, касаба уюшмаси ва аъзоларнинг ҳамжиҳат муносабати орқали ҳам самарадор бўлади. Бошқа вилоятлардаги ҳамкасбларимиз ҳам бу янгиликка ҳавас билан қарашмоқда. Саёҳатдан сўнг ҳар бир устознинг руҳиятида енгиллик, тозариш ва кўтаринкилик пайдо бўлаяпти. Бу руҳ университетда таълим сифатига ҳам таъсир қилмай қолмайди, албатта.
Раъно НОРБЕКОВА,
ЖДПУ Филология факультети инглиз тили кафедраси доценти в.б.