МЕН ЎЗИМНИ ЎҚИШГА МАЖБУР ҚИЛАМАН

Ким ўқимаса, душманини қувонтирибди.

Инсон ўзининг ҳазрати инсонлигини, у тўрт оёқли жонивордан ажралиб туришини ҳеч вақт унутмаслиги керак. Жониворлар фақат ейиш-ичиш билан тирик. Улар маънавий озуқадан маҳрум этиб яратилган. Ҳар бир инсон ҳеч вақт унутмаслиги лозим бўлган ўта муҳим чегара ҳудди шу жойдадир. Чунки Аллоҳ таоло ҳазрати одамни ҳам моддий, ҳам маънавий эҳтиёж билан яратган. Бу эҳтиёжни инсон турли хил таомлар истеъмоли ва албатта газета, журнал, китоблар ўқиш орқали қондиради.

Афсуски бугунги кунда моддий эҳтиёж қайғуси билан яшаётганлар кўпайиб бормоқда. Бундай аҳволга эътиборсиз қараш маънавий жиноятдан бошқа нарса эмас. Ўз ҳаётини фақат моддий асос устига қураётганларга қарата: “Эй одамлар, ҳайвонлашиб қолишдан сақланинг. Руҳий озуқани, сиз ҳазрати инсон эканлигингизни унутманг”, дегим келади. Ким газета, журнал, китоб мутолаа қилмас экан, унда ҳайвонлашиш белгилари сезилиб туради. Яъни бундай одамларнинг гап-сўзлари асосан тансиқ таомлардан лаззатланиш ҳақида бўлади. Уларга илм-маърифат ҳақида сўзласангиз юзларини буради.

Баъзан кўча ҳангомаларида хорижликлар Ўзбекистонимизга келиб, “ундай қиляпти, бундай қиляпти…” деган гапларни эшитиб қоламиз. Ҳа, агар биз ўқимасак, изланмасак дунёдаги энг илғор технологияларни ярата олмаймиз ва замонавий соҳаларда ажнабийларга қарам бўлиб қоламиз. Натижада улар бизнинг олтинимизни “супуриб” олиб кетаверишади.

Ўзбекистон олтинлар мамлакати. Ўзбеклар олтиннинг устида юрибди ва яшаяпти. Афсуски, илмсизлик, маърифатсизлик туфайли бу олтинларни кўзимиз кўрмайди. Кўрсак ҳам энг илғор технологиялар асосида қайта ишлашни, заводлар қуришни билмаймиз. Оқибатда миллионлаб юртдошларимиз, миллатдошларимиз ажнабий юртларда ўз қадрини ерга уриб, саломатликларини хавфга қўйиб ишлаб юришибди.

Шаҳарчамизда турли қурилиш, созлаш, янгилаш ишлари бажариляпти. Бу ишлар ҳақида ҳам одамлар орасида турли гаплар тарқайди. Биров “ичимлик суви келтириляпти”, деса бошқаси “чиқинди сувлар қувури ётқизиляпти” дейди. Агар улар газета ўқишганида бу ишлар тўғрисида асосли ва аниқ фикрларни айта олишарди. Чунки матбуотда бундай янгиликлар, ҳудудий ўзгаришлар тегишли мутахассисларнинг фикри билан ҳаққоний, батафсил ёритиб борилади. Бу ҳолатларда газета одамларни ягона мақсадли фикр атрофида бирлаштиришини кўриш мумкин.

Одамнинг ичида бир душман бўлади. У ҳар доим “ўқима, ўқимаганлар ҳам яхши яшаяпти” каби гапларни бир неча турини такрорлайверади. Мен бу душман ҳақида биламан ва унинг айтганига юрмайман. Чунки ичимдаги ана шу душманнинг истаклари Ватанимизнинг, ўзбек халқининг ташқи душманлари кўзлаган мақсадларга ўхшашдек. Бу икки душманнинг бирлашишига йўл қўймайман. Мен ўқимасам душманларни қувонтираман ва бу ўзлигимга сотқинликка тенгдир. Шу боисдан ўзимни доимо газета, журнал ва китоблар ўқишга мажбур қилавераман. Охири ичимдаги душманни енгаман. Шундагина ўқиш, илм-маърифат мен учун роҳатга, ғалабага айланади. Ким ўзининг устидан ғалаба қозонса, бошқаларни ҳам енга олади. Шахсларнинг ана шундай ўз устидан ғалабаси уйғунлашиб, Ватан ва халқ ғалабасини таъминлайди. Бу йўлда барча маърифатпарварлар, ўқитувчилар, тарбиячилар кўпчиликка ибрат бўлишлари керак. Зеро, газета, журнал ўқимайдиган муаллим ўқитувчи эмас ўқитмовчидир. У ўз “одати” билан ўзи сезмаган ва тан олмаган ҳолда юзлаб шогирдларининг ҳам ўқимасликларига таъсир этади.

Маърифатли миллатдан ёв чўчийди. Шундай экан, азиз юртдошлар, газета, журналларга обуна бўлайлик, ўқийлик!

Товбой ХЎЖАМБЕРДИЕВ,

фахрий журналист.             

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *