КИМ ЭНГ КЕРАКЛИ?

Бир куни тиниш белгилари суҳбат қураётиб, ким энг керакли эканлиги тўғрисида баҳслашиб қолишибди.

Мақтанишни Нуқтавой бошлабди: — Бирам чарчаб кетдим-ей. Ҳар ерда мен керакман. Менсиз гап гап бўлибдими?

— Бунча мақтанасиз, Нуқтавой, — дебди Сўроқ жаҳли чиқиб, — мен ҳам сиздан қолишмайман. Мана охирги гапингизни олайлик, уни менсиз тузишнинг имкони йўқ.

Шунда Ундов: — Баҳсни тўхтатинг! Энг кўп ҳис-ҳаяжонларга эга белги ўзимман. Тантанавор гаплар менсиз бўлмайди, сизга айтсам, — дебди.

Баҳсга Вергул аралашибди: — Шундайликка шундай-ку, лекин тан олинглар, энг кўп мендан фойдаланишлари бор гап-да.

Қавс қизариб дебди: — Кўп фойдаланиш деганингиз нимаси? Нима биз тиниш белгиси бўлмай қолдикми?

 — Шуни, айтинг, — Қавснинг гапини маъқуллабди Қўштирноқ.

 — Ҳой Нуқтавой, сен битта нуқта бўлсанг, мен иккита нуқтаман, — кулиб юборибди Икки нуқта.

— Мен эса учта, — мазах қилибди Кўп нуқта.

Суҳбатга Нуқтали вергул қўшилибди: — Ҳам нуқта, ҳам вергулдан иборатман. Демак, энг зўри ўзим эканман-да.

— Жим, жим бўлинглар! Баҳром келяпти. У дўстига мактуб ёзмоқчи эди. Фақат биттамиздан фойдаланиб хат ёзасан, деб шарт қўямиз. Кўрамиз, қай биримизни танлар экан.

Барча тиниш белгилари чувиллашиб, Баҳромга баҳс ҳақида, шартлари тўғрисида айтиб беришибди.

— Бу ёғи қизиқ бўди-ку, — ҳайрон бўлибди Баҳром. — Битта белги билангина хат ёзиб бўлар эканми? Майли сизларни рози қилиш учун бир синаб кўрамиз. Айтайлик, фақат Нуқтавойдан фойдаланиб хат ёзсам, унда дўстимнинг ҳол-аҳволини қандай сўрайман?

Сўроқ ғурурланиб дебди: — Энг керакли тиниш белгиси эканлигимни билар эдим.

— Шошма, Сўроқ, фақат сен билангина мактубимни ёзсам, қишлоғимиздаги ўзгаришлардан фахрланаётганимизни билдиролмай қоламан-да. Бу ўринда Ундов белгисини ишлатишга тўғри келади. Лекин бутун матнни у билан тўлдириб ташлаш ҳам нотўғри.

— Мендан фойдаланиб ёзиб кўрайлик, — Вергулнинг овози эшитилибди.

— Матнда деярли тўхталиш бўлмаса, уни хат деб тушуниш қийин. Келинг, мен ҳозир ёзишни бошлайман, кейин уни сизларга ўқиб бераман. Шунда энг керакли тиниш белгиси ким эканлигини ўзингиз тушуниб оласиз.

Баҳром хат ёзишни бошлабди. Барча тиниш белгилари кимни танлаб ёзаётган экан-а, деб қизиқиб кутиб туришибди. Ниҳоят хат ҳам битибди:

“Салом, қадрли дўстим Ҳасан, ишларинг жойидами? Чет элда ўқиш қийин эмасмикан? Аввалги хатингда қишлоғимиздаги ўзгаришлар ҳақида сўраган экансан. Шунинг учун сенга суратлар ҳам юборяпман. Қишлоғимиз бирам чиройлики! Болалар боғчаси ва мактаблар; стадион ҳамда театр қурилди. Айниқса, маҳалламизда (Равшанларнинг уйи олдида) катта кутубхона очилгани ажойиб бўлди. Эсингдами устозимиз: “Китоб — энг яқин дўст. У билан ошно бўлиш сизни юксалтиради” — дердилар. Шу сабабли сенга энг севимли китобларимдан бирини жўнатяпман. Албатта ўқиб чиқ. Фикрларингни кутаман…

Ҳурмат билан Баҳром.

Хат барча тиниш белгиларига бирдек манзур келибди. Улар биргаликда энг керакли эканликларини тушуниб олибдилар. Шундан сўнг сира баҳслашмайдиган бўлишибди.

Юлдуз УСМОНОВА,

ЖДПУ Магистратура бўлими талабаси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *