ТАЛАБА КЎЧМА КУТУБХОНА ТАШКИЛ ЭТДИ

Ёшлар китоб ўқимай қўйди, деб нолишдан кўра амалий иш қилишни афзал кўрадиганлар сафида Мухлиса Очилова ҳам бор. У ЎзМУ Жиззах филиали психология йўналиши 1-босқич магистратура талабаси. Мухлисанинг ташаббуси билан Жиззах шаҳри Амир Темур номли МФЙда кўчма кутубхона ташкил этилди.

Кутубхона Мухлисанинг ўз уйида очилган бўлиб, унда 500 га яқин илмий, бадиий адабиёт мавжуд. Зиё масканининг очилиши учун Шароф Рашидов номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази билан бир йиллик шартнома имзоланди. Аммо аксар адабиётлар Мухлисанинг ўзи томонидан йиллар давомида йиғилган.

-Китобга меҳр болалигимдан бор, – дейди ташаббускор талаба. – Ўз шахсий кутубхонамни очишни орзу қиламан. Аммо бунга ҳозирча етарли шарт-шароит йўқ. Вақтни бекор ўтказмасдан, уюшмаган ёшлар, болалар, маҳалла аҳли учун уйимда кўчма кутубхона ташкил этдик. Очилган кундаёқ 20 нафарга яқин ёшлар келиб, китобларни ўқиш учун олиб кетишди.

Мухлиса Очилова узоқ йиллардан буён олий таълим соҳасида ишлаб келаётган Абдуманнон Мусаевнинг ягона келини. Маърифатли хонадонда тиришқоқ ва изланувчан келиннинг ташаббуси қўллаб-қувватланиб, битта хона китоблар учун ажратилди. Аксар кўчма кутубхоналар ташкилот ёки мактабларда ташкил этилишини ҳисобга олсак, Мухлиса Очилованинг бу ташаббуси оила ва маҳалланинг ҳамжиҳатлигини кўрсатишда ҳам намунадир. Адабиётлар сони ҳар ойда китобхонлар талабига кўра бойитиб борилади.

Муқаддас САПАРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *