ЭКОТУРИЗМ МАСКАНЛАРИ КЎПАЙМОҚДА

Жорий йилнинг ўтган ўн ойида Арнасойга 102 минг нафар хорижлик, 150 минг нафар маҳаллий туристлар ташриф буюрди. Айдар-Арнасой кўллар тизими, чўл, дашт, тўқайзорлар ҳамда инфратузилма билан боғлиқ ўзгаришлар сайёҳларни бу ҳудудга бўлган қизиқишларини янада ошираяпти.

 Сўнгги йилларда туризмни ривожлантириш, туманнинг иқтисодий ҳолатини яхшилаш  орқали аҳолининг бандлигини таъминлаш борасида Арнасойда кўплаб ташаббусларга қўл уриляпти.  Кўл ҳудудида ташкил этилган корхонада  балиқчилик, шунингдек, экотуризм ва ов туризми хизматлари йўлга қўйилган. Жорий йилнинг баҳори аниқроғи, апрель ойида корхонага тегишли сунъий ҳавзаларга балиқ чавоқлари ташланган эди. Бугунга келиб балиқларнинг узунлиги ўртача 10 сантиметрдан 30 сантиметргача етди. Ўнга яқин балиқ турлари  махсус барпо этилган ҳавзада боқилиб, очиқ сув ҳавзаларга етказилади.

—Ташриф буюрувчиларнинг вақтини мазмунли ўтказишлари ҳамда маҳаллий аҳолининг даромадини ошириш мақсадида кўл бўйида туя, от, қайиқда сайр қилиш, балиқ ови хизматлари ташкил этилган,—дейди вилоят Прокуратураси бўлим бошлиғи Хуршид Алимардонов. —Ҳудудда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда қонунийликни таъминлаш, браконерликнинг олдини олиш чоралари кўрилаяпти.

Маҳаллий инвестор томонидан 980 минг АҚШ долларилик инвестиция киритилиши ҳисобига  шу йилнинг ўзида 50 млн дона чавоқ етиштирилди. Тадбиркор келгусида балиқ чавоқлари сонини 200 млн донага етказишни режалаштирган. Натижада 50 та янги иш ўрни яратилади.

—Айни пайтда кўлни балиқлаштириш жараёнида қатнашаяпмиз,—дейди “REAL HUNTER” MЧЖ директори Бобур Абдужалилов. —Балиқларни ўзимизга тегишли инкубацион цехда ивилдириқдан то 50 грамм оғирликка келгунча парваришладик. Мақсадимиз кўл тизимининг биохилма-хиллигини сақлаб қолиш, ички туризмни ривожлантиришдан иборат.

Балиқларни Арнасой сув омбори, Тузкон  ва Айдар-Арнасой кўлига хавфсиз етказиш мақсадида бир нечта юк автомобиллари тайёрланди. Етиштирилган балиқлар соҳанинг малакали мутахассислари томонидан тақсимланиб, юк автомобилларига жойланди. Сазан, толстолоб ва гулмойи (форель) балиқ турлари махсус техникалар ёрдамида Арнасой сув омборига ташланди.  Балиқларни нобуд қилмасдан ёввойи табиат қўйнига қўйиб юбориш ишларида корхона ходимлари билан бир қаторда  вилоят прокуратураси, Миллий гвардия, Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси, инвесторлар, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари ҳамда тадбиркор иштирок этди.

Миллионлаб балиқлар очиқ сув ҳавзасига қўйиб юборилгандан сўнг, бир неча ойдан кейин уларни овлаш мумкин бўлади. Бу пайтда балиқлар вазн тўплайди ва табиий кўпаяди. Таъкидлаш керак, очиқ сув ҳафза ҳудуди доим миллий гвардия ходимлари, экологлар томонидан назорат қилиб борилмоқда.

  Зоир КАЛОНОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *