Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тегишли буйруғига биноан юртимиз бўйлаб “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” давом этмоқда.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида тизим ходимлари иштирокида “Таълим – коррупциядан холи соҳа” мавзусида ўқув-семинари ўтказилди. Унда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари, тизим ташкилотлари ва муассасалари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Семинарда мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқий назорат бошқармаси бошлиғи Шахобиддин Жўрабоев, вилоят прокуратураси ходими Аслиддин Давронов ҳамда вилоят ИИБ коррупцияга қарши курашиш хизмати вакили Абдужамол Мусулмонқуловлар сўзга чиқиб, таълим тизимида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар. Жумладан, манфаатлар тўқнашуви, порахўрлик, непатизм ва тамагирлик каби ҳолатлар бўйича аниқ мисоллар келтирилди ҳамда бунинг оқибатлари тўғрисида кенг тушунчалар берилди.

—Вилоятимизда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва тизимли таҳлил қилиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда, – деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқий назорат шўъбаси ходими Комилжон Нурматов. — Ушбу семинардан кўзланган асосий мақсад ходимларнинг коррупцион ҳолатларга аралашувини кескин чеклаш, чиқарилаётган қонун ва норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини уларнинг онгига сингдириш ҳамда бу иллатга қарши иммунитет ҳосил қилишдан иборат. Бироқ бу тарғибот фақатгина муайян тизим вакиллари учун эмас, балки барча фуқаролар учун ҳам долзарб эканлигини унутмаслик керак.

Тадбир давомида ишга қабул қилишдаги ноқонуний хатти-ҳаракатлар, маошларни қўшиб ёзиш, мактабларга кўчириш, малака имтиҳонларидан ўтказиб бериш, боғчадаги бадал пулларининг ҳисоб-китоби билан боғлиқ масалалар кўтарилди. Таълим ташкилотларида фикри тоза, коррупцияга тоқатсиз ўқитувчилар ишлаши ва улар ёш авлод қалби ва онгига ҳалолик ғояларини сингдириши зарурлиги таъкидланди.
Тадбирда коррупциянинг салбий оқибатларига бағишланган видеороликлар намойиш этилди ва соҳа ходимлари огоҳликка чақирилди.
Юсуф САЙДАЛИЕВ.