СОҲИБЖАМОЛ САМАРҚАНД САБОҚЛАРИ

Самарқанд – Ислом дунёси маданияти пойтахти. Самарқанд – ЮНЕСКО мезбони. Самарқанд – МДҲ давлатлари маданияти пойтахти. Самарқанд – дунё сайқали. Самарқанд – миллий журналистика бешиги.

Ўтган ҳафта бу кўҳна кент Тошкент шаҳри, Жиззах, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ОАВ вакилларини ўзида жамлади. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, вилоят ҳокимлиги ва Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган илмий-амалий анжуман, пресс тур, ижодий мулоқот ва маърифат масканига ташриф каби қатор тадбирлар воҳа журналистларини фикр ва тажриба алмашишга, Самарқанд журналистикаси тарихи ва бугуни билан танишишга чорлади.


Дастлаб иштирокчилар  университетдаги таълим жараёнлари, СамДУ қошидаги Биокимё, Муҳандислик физикаси институтлари, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар факультети фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шароф Рашидов номи билан аталувчи университетнинг Табиат музейи, In Vitro лабораторияси, ноёб ўсимликлар иссиқхонаси, сунъий интеллект ёрдамида бошқариладиган дастурлар кўргазмаси, саратон хасталигини даволаш бўйича илмий изланишлар – олий таълим даргоҳидаги илмий, инновацион, педагогик ва технологик янгиликлар Шароф Рашидов юрти вакилларида фахр туйғусини уйғотди.

Университетнинг тарих факультетида “Миллий журналистикамиз тараққиёти ва Маҳмудхўжа Беҳбудий феномени” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбарининг Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлашга доир қарори ижроси юзасидан тадбирда Самарқанд давлат университети ректори, профессор Р.Холмуродов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Х.Салимов, Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳ.Эрматов, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник”  газеталари бош муҳаррири Ф.Тошев, М. Беҳбудийнинг невараси Назирхон Беҳбудий ва бошқалар сўзга чиқишди.  Миллий матбуотимиз тарихи тадқиқодчиси, профессор Ҳалим Саидовнинг маърузаси илмий янгиликларга бой бўлди.

-Жадид боболаримиз “эрк”, “ҳуррият” сўзлари ўрнига “Тараққий” сўзини ишлатишгани тадқиқотларимизда аниқланмоқдаки, бу мустамлака тузум шароитида маърифат орқали миллатнинг кўзини очишга қайси йўл билан бўлмасин, интилишнинг бир кўринишидир, – деди жумладан маърузачи.

М.Беҳбудий 1913 йилда “Самарқанд” номли газетани чоп эттира бошлайди. Бу Самарқанддаги ўзбек тилидаги илк миллий нашр бўлган. Кейинчалик “Оина” журнали дунё юзини кўрди. Айни вақтда вилоятда СамДУ муассислигида “Самарқандим” – “Mу Samarkand” журналлари чоп этилмоқдаки, улар юксак сифати, бетакрор дизайни ва ўқимишли мақолалари билан Беҳбудий орзу қилган юрт, жамият ва матбуотни ўзида мужассамлаштиргани таъкидланди. Шу ўринда яна бир тарихий фактга тўхталиб ўтиш зарур: “Самарқанд” газетаси 45 та сон чоп этилгач тўхтаб қолади. Абдулла Авлонийнинг “Туркистон” газетасининг 1924 йил 24 июнь сонида ёзишича, “газета муштарийсизлик, моддий танглик орқасидан тўхтатилган”. Тарихий маълумотлар бугунги кун матбуоти учун ҳам тегишли бўлиб, нашрларнинг доимий фаолияти учун муштарийларнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим экани мозий сабоғи сифатида акс этади.  

Анжумандан сўнг иштирокчилар  Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи фаолияти билан танишдилар.

-Самарқанд сафари давомида ушбу манзил менда ўзгача тассурот қолдирди, – дейди Навоий ТРК мухбири Мавжуд Бобоназарова. –Беҳбудий яшаган ва мактаб очган бу манзилда буюк маърифатпарвар ижоди ва ҳаётига оид маълумотлар, давр маданияти, маърифати, илм-фан ривожига ҳисса қўшган олимларнинг илмий асарлари, турли экспонатлар жой олган. Ўз кўзимиз билан кўрган бу қимматли мерос журналист жадидларнинг матонатли меҳнатидан ҳикоя қилади.

Конференция иштирокчилари куннинг иккинчи ярмида Ургут тумани Деҳқонобод маҳалласида Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, таниқли адиб ва шоир Абдусаид Кўчимов кутубхонасида бўлишди. Кутубхона асосчиси шахсий кутубхонасидаги 10 мингдан ортиқ китобларни тақдим этган. Ҳомийлар ва ташаббускорларнинг рағбати сабаб яна шунча миқдорда бадиий ва аудио китоб жамланди. Жиззахлик адиб ва шоирларнинг асарлари, Жиззах тарихига оид нашр этилган янги адабиётлар тақдим этилди. Жумладан, таҳририятимизнинг “Ярим аср ҳамнафас”  китоби ҳам ургутлик ёшлар ихтиёрига топширилди.

 -Кутубхонамиз очилганига  икки ой бўлган бўлса-да, иш вақти аниқ белгиланмаган, – дейди кутубхоначи Манзура Холиқова. – Ярим тунга қадар одам аримайди. Китобга ташналик нақадар ортиб кетганини шундан ҳам билса бўлади.  

 Дарҳақиқат, зиё масканида ўқувчилар жуда кўп – аудио китоб тинглаб, бадиий адабиёт танлаётганлари қанча. Журналист, адиб ва публицист Абдусаид Кўчимов қаламига мансуб китобларни таҳририятимиз кутубхонаси учун биз ҳам мамнуният билан қабул қилиб олдик.

 Шу ўринда Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлимининг ташаббускор ва ташкилотчилигини эътироф этиш жоиз. Самарқандлик ҳамкасблар Беҳбудий даҳоси ва орзуларига муносиб бўлишга интилишмоқда. Боқий ва муаззам шаҳардаги бой ижодий муҳит, матбуот ва ОАВга эътибор, мустаҳкам ҳамкорлик руҳи бир кунлик ижодий сафардаёқ маълум бўлиб улгурди.  

Муқаддас САПАРОВА. 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *