Ўзбек адабиётининг сўнгги асрда энг ёрқин сиймоларидан бири — Ўткир Ҳошимов халқимиз қалбига чуқур кирган, ҳаётнинг ўзидан олинган, самимий ва таъсирчан асарлари билан танилган адиб. Унинг ҳар бир ҳикояси, қиссаси ёки романи ўзбек халқининг урф-одати, меҳр-оқибати, ҳалоллиги, инсоний фазилатларини ўзида мужассам этган. Ўткир Ҳошимов асарлари фақат адабий ёдгорлик эмас, балки тарбиявий мактаб, ахлоқ сабоқлари дарслиги ҳамдир.
Ёзувчи ижодида энг муҳим мавзу — одамзоднинг ички дунёси, виждон, меҳр ва садоқат. Ҳошимов инсонни ҳар доим марказга қўяди. У бош қаҳрамонлари орқали ҳаётнинг мураккаб саволларига жавоб излайди, уларни синовлардан ўтказади, аммо охир-оқибат эзгулик ва ҳалоллик ғалаба қозонишини кўрсатади. Масалан, “Дунёнинг ишлари” асарида муаллиф бир оддий оила ҳаёти орқали бутун жамиятнинг ахлоқий муаммоларини очиб беради. Бу асарда она меҳрининг қудрати, инсонийликнинг олий қадрияти, ҳаёт синовлари қаршисида сабр ва бардошнинг аҳамияти жуда таъсирли ифода этилган. “Онангизни асранг, бу дунёда энг азиз нарса – она юраги” деган ғоя бутун асар руҳини белгилаб беради.
Ўткир Хошимов тилининг жозибасиҳам ўзгача. Унинг асарлари ўқилган заҳоти ўқувчи диққатини ўзига тортади. Сабаби — унинг тили оддий, халқона, лекин жуда чуқур маъноли. У шевага, халқ ибораларига, мақол ва маталларга моҳирона мурожаат қилади. Шу боис унинг ҳар бир жумласи ҳаётий, табиий ва ўқувчига яқин эшитилади. Масалан, “Одам боласи ҳеч қачон ўзини бутун дунёдан устун қўймаслиги керак”, деган сатрлари ҳар қандай даврда долзарб бўлиб қолади.
Асарларнинг тарбиявий аҳамияти ҳам жуда кучли. Ўткир Хошимовнинг ижоди ёшлар учун ибрат манбаи. Унинг асарларида ота-онага ҳурмат, ҳалоллик ва меҳнатсеварлик, дўстлик ва садоқат, виждон ва масъулият каби қадриятлар бош ўринда туради.
Унинг қаҳрамонлари оддий инсонлар — муаллим, ишчи, деҳқон, талаба. Улар ҳар бири орқали ёзувчи жамиятнинг энг муҳим масалаларини ёритади. Шу боис Ўткир Ҳошимов асарлари мактабларда, олийгоҳларда, ҳатто ҳаёт мактабида ҳам ўқилиши лозим бўлган китоблардандир.
Ўткир Хошимов — халқ ёзувчиси, инсон қалбининг достоннависи. У ўз асарлари орқали ўзбек адабиётини янги босқичга олиб чиқди, уни халқ ҳаёти билан янада яқинлаштирди. Бугун ҳам “Дунёнинг ишлари”, “Баҳор қайтмайди”, “Урушнинг сўнгги қурбони”, “Инсон садоқати” каби асарлари ўқувчиларни ўйлантиради, кўзларига ёш келтиради, юракларини эзгулик сари чорлайди.
Ўткир Хошимов ижоди — бу инсонийлик ва меҳр-оқибат мактаби, бу — дилни тозаловчи адабиёт.
Бунёд БАЗАРОВ,
Ўзбек ва хорижий тиллар кафедраси доценти, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори.