ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ЭТИЛДИ.

Вилоят ҳокимлигида ўтказилган навбатдаги идоравий йиғилишни   бошқариб борган вилоят ҳокими Эргаш Салиев йиғилганлар эътиборини вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир долзарб масалаларга қаратди.

Жумладан, вилоятимиз раҳбари шаҳар ва туманлардаги 2272 та кўпқаватли уйларни таъмирлаш учун олинган қарзларни ўз вақтида тўлаш масаласига алоҳида тўхталди.  Бошқарув сервис компаниялари ҳисобига 10 миллиард сўмдан зиёд кредитга олинган маблағлар ундирилиши керак. Афсуски уй-жой, ширкатлари томонидан  бу борада етарли иш олиб борилмаяпти. Хонадон эгалари билан шартномалар тузиш ишлари ҳамон пайсалга солиб келинмоқда. Ишчи гуруҳи томонидан 1963 та уйлар ўрганилганда, ушбу хонадонларда яшовчи 28 минг нафардан зиёд фуқароларнинг 21 мингдан ортиғи шартномалар тузилмаганини айтган. Шартнома асосида тўловларни “Менинг уйим” электрон тизимига ўтказиш ишлари ҳам ўта суст. Йиғилишда кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш маданияти ўта паст даражада эканлиги танқид қилинди. Кўп қаватли уйлардаги лифтларнинг тез-тез бузилиб қолаётгани одамларнинг норозилигига сабаб бўлаяпти. Лифт ишламай ичида қолиб кетаётган фуқароларни фавқулодда вазиятлар бўлимлари ёки ички ишлар ходимлари қутқариб, ундан чиқариб олишаяти. Бундай ҳолат қачонгача давом этади?! Кўпқаватли уйларнинг атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам масъуллар етарли эътибор бермаяпти. Айни пайтда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ходимлари мавжуд қарздорликни ундириш учун астойдил ҳаракат қилаяпти. Аммо, қонуний шартномалар тузилмаганлиги келгусида қарзларни ундиришда кўплаб муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги таъкидлаб ўтилди. Вилоят ҳокими ушбу масала юзасидан мутасадди раҳбарларга зарур топшириқлар берди.

Йиғилишда бюджет даромадлари, маҳаллий бюджет, қўшимча қиймат солиғи прогноз режалари ижроси ҳамда мол-мулк ва ер солиғини ундириш масалалари муҳокама қилинди. Мавжуд қарздорликларни ундиришда сусткашликка йўл қўяётган мутасадди ташкилотлар танқид қилинди. Бу борада Арнасой, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Зомин, Зарбдор, Мирзачўл, Пахтакор, Фориш, Янгиобод туманларида ишлар талаб даражасида ташкил қилинмаган.   Мол-мулк ва ер солиғини ундириш ишлари  котибиятлар кесимида таҳлил қилинганда, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича, қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ҳамда молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича котибиятларга қарашли корхона ва ташкилотларда 800 миллион сўмдан зиёд қарздорлик борлиги айтиб ўтилди. Бошқа котибиятларга қарашли ташкилотларда ҳам аҳвол яхши эмас.

Мажлисда маҳаллий бюджетга солиқларни ундиришда пахтачилик кластерлари томонидан фермерларга сотилган пахтанинг пули ўз вақтида тўланмаётгани натижасида фермер хўжаликларининг солиқдан қарздор бўлиб қолаётгани рўйрост айтилди. Вилоят ҳокими кластерлар билан ишлаш тизимини янада яхшилаш бўйича мутасадди раҳбарларга топшириқлар берди.

Ижроия идора йиғилишида шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг бориши танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди. Вилоятимизда фаолият олиб бораётган ишчи гуруҳи томонидан мутасаддилар билан биргаликда шаҳар ва туманлардаги 307 та маҳалла ўрганиб чиқилди. Шу жумладан, 3567 та объект ўрганилиб, аниқланган 3146 та масала юзасидан иш олиб борилди. Қишга тайёргарлик масаласи секторлар кесимида таҳлил қилинганда, бир қатор шаҳар ва туманлардаги  4-сектор фаолиятидаги камчиликлар кўзга яққол ташланди. Арнасой, Дўстлик ва Бахмал туманларида 4-сектор томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича етарли иш олиб борилмаяпти. Жиззах шаҳрида 4 та сектордаги ишлар 52 фоизга уддаланган, холос. Ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган 1107 та кўпқаватли уйларнинг 414 тасида, 21 та шифохонанинг 12 тасида ҳалигача муаммолар мавжуд.

Йиғилишда сўзга чиққан республика ишчи гуруҳи раҳбари, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Рустам Холматов бир қатор шаҳар ва туманларда ишчи гуруҳи томонидан аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ишлари қониқарсиз аҳволда эканлигини билдирди. Жумладан, кўп қаватли уйларнинг таъмири, ижтимоий соҳа объектларидаги тайёргарлик, электр энергия, газ, сув  таъминотида ҳали ҳам талайгина муаммолар мавжуд. Ишчи гуруҳи раҳбари ўз чиқишида қиш яқинлашиб қолганини, лекин камчиликларни тугатишга барча масъуллар бирдек, астойдил киришмаётганини танқид қилди. У барча раҳбарларнинг масъулиятини ошириш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ишларига  шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда мутасадди раҳбарларнинг сидқидилдан ёндошиши  зарурлигини таъкилади.

Мажлисда вилоят ҳокими томонидан вилоят ташкилотлари раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимларига қишга тайёргарлик билан боғлиқ муаммоларни қисқа фурсатларда бартараф этиш вазифаси юклатилди.

Вилоятимиз раҳбари жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аҳоли томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси  ва Жиззах вилояти бўйича Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатларни ижобий ҳал этиш масаласига асосий эътиборни қаратди. Бу борада сусткашликка йўл қўяётган шаҳар ва туманлар, вилоят  ташкилотлари  кескин танқид қилинди. Жумладан, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига келиб тушган 146 та мурожаатнинг бор-йўғи 16,4 фоизи, “Гарант” банк, “Ипотека” банк, “Ўзсаноатқурилишбанк”, Миллий банк, “Туронбанк” вилоят филиаллари сингари молия муассасаларида 76 та мурожаатнинг 36,8 фоизи ҳал этилган холос. Шунингдек, қишлоқ ва сув  хўжалиги масалалари бўйича, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича, ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича, туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича котибиятларига қарашли ташкилотларда ҳам ижобий ҳал этилмаган мурожаатлар талайгина эканлиги қайд этилди. Мирзачўл, Дўстлик, Янгиобод туманларида ҳам аҳоли мурожаатларига ўз вақтида ечим топилмаяпти.

Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилояти Халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш ва аҳоли мурожатлари юзасидан амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилар экан, аввало вилоят ҳокимининг Фориш туманидаги “Дўстлик” МФЙ ҳудудидаги Можрум қишлоғида ва Бахмал туманидаги “Нурафшон” МФЙда ўтказилган сайёр қабулларида аҳоли томонидан кўтарилган масалалар юзасидан берилган топшириқлар ижроси бир қатор ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятсизлиги туфайли таъминланмаётганини танқид қилди. Можрумдаги сайёр қабулда берилган топшириқларнинг 14 таси, “Нурафшон” МФЙдаги ўтказилган қабулда берилган топшириқлардан 8 таси шу пайтгача ижро қилинмаган.

Вилоятимиз раҳбари сайёр қабулларда аҳоли томонидан кўтарилган масалаларни ижобий ҳал этиш учун туманлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, вилоят корхона ва ташкилотларининг раҳбарларига зарур топшириқлар берди.

Вилоятнинг шаҳар ва туманларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди. Таъкидландики, бир қатор туманларда ҳамда корхона ва ташкилотлар томонидан экилган дарахт кўчатлари “Яшил макон” электрон платформасига киритилмаяпти.

Ижроия идора йиғилишида экспорт прогноз топшириқлар ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш масаласи ҳам чуқур таҳлил этилди. Арнасой, Дўстлик, Бахмал, Шароф Рашидов, Зарбдор, Зафаробод, Янгиобод туманларида хорижий инвестицияларни киритиш ишларига етарли эътибор берилмаётгани танқид қилинди. Жорий йил поёнига етаётган бўлсада, экспорт  бўйича белгиланган режа Бахмал, Ш.Рашидов, Зомин, Арнасой, Зафаробод, Мирзачўл, Янгиобод туманларида ҳамон бажарилмай келинмоқда.

Вилоят ҳокими  истеъмол қилинган ичимлик суви учун  маблағларни ўз вақтида ундириш, дебитор қарздорликларни қисқартириш масаласига алоҳида тўхталди ва мутасадди раҳбарларнинг бу борада олиб бораётган ишларига танқидий баҳо берди. Дебитор қарздорлик кундан кунга камайиб бориши ўрнига кўпайиб бораётгани шаҳар ва туманларда ичимлик суви учун маблағ ундириш ишлари қониқарсиз аҳволда эканлигини кўрсатиб турибди. Дебиторлик қарздорлик ой бошидан буён 3,5 миллиард сўмга ошган. “Жиззахсув таъминот” МЧЖ эса ўз навбатида электр тармоқлари корхонасидан жуда катта миқдорда қарздорлиги туфайли тармоқдан узиб қўйилмоқда. Натижада аҳолига, корхона ва ташкилотларга сув етказиб беришда муаммолар юзага келаяпти. Шу боис вилоят ҳокими барча шаҳар ва туман ҳокимларига, вилоят корхона ва ташкилотлари раҳбарларига зудлик билан истеъмол қилинган ичимлик суви учун маблағларни ундириш бўйича топшириқлар берди.

Идоравий йиғилишда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир бошқа масалалар юзасидан амалга оширилаётган ишлар танқидий-таҳлилий жиҳатдан муҳокама қилинди ва  барча масалалар юзасидан тегишли ташкилот раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимларига келгусидаги вазифалари белгилаб берилди.

Васил ИЛЁСОВ.

(“Жиззах ҳақиқати”)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *