Ёшлар орасида энергетиклар ичиш урф бўлди. Ичимликка ном беришда баъзи ноаниқликларга йўл қўйилган. Ичимлик тетикловчи, стимулловчи, ҳаяжонлантирувчи каби номлар билан аталса тўғрироқ бўлар эди.
Энергетик ичимликлар икки турли бўлади: витаминли ва кофеинли. Витаминли ичимликлар жисмоний меҳнат кишилари учун, кофеинли ичимликлар ақлий меҳнат кишилари учун ўйлаб топилган. Биргина АҚШ да энергетик ичимликлар ишлаб чиқариш учун йилига 3 миллиард доллор сарфланмоқда. Кофеин моддаси кока кола ичимлигининг ҳар бир литрида 34-38 миллиграм бўлгани ҳолда, энергетик ичимликларда бу миқдор 150-320 миллиграмни ташкил этади. Кофеин қон босимини оширади, ички органлар фаолиятини тезлаштиради, реакция тезлигини оширади, кайфиятни кўтаради, иш қобилиятини оширади. Кофеин наркотик хусусиятга эга модда. У истеъмол этилган сари миқдорни ошириб борилишини талаб этувчи модда ҳисобланади! Кофеинни суткалик миқдори 150 мг дан ошмаслиги белгилаб қўйилган.
Энергетик ичимликнинг яратилиш тарихидан маълумки, аслида у ёши ўтиб қолганлар учун ишлаб чиқарилади. Ичимлик қарияларга вақтинчалик кўтаринкилик бериш учун ўйлаб топилган. Аслида қарияларга ҳам безарар эмас. Айрим мамлакатларда энергетик ичимликларни ёшларга сотиш қонун йўли билан тақиқланган.
Энергетик ичимликлар асосан алкоголли ичимликлар сотиладиган ёки шунга яқин жойларда сотилади. Улар алкоголли ичимликлар билан уйғунликда истеъмол этилганида, кишида сархушлик ҳолатини ҳис қилиш қобиляти сусаяди, ҳаракатларни координациялаш йўқолади, визуаль реакция пасайиб кетади. Энергетик ва алкоголли ичимликлар аралаштириб истеъмол этилганида организмнинг зарарланиши кучаяди. Энергетик ичимликлар асаб системасини зўриқиб ишлашга мажбур этса, алкоголли ичимликлар асабга тормозловчи таъсир кўрсатади. Энергетик ичимликнинг 330 миллилитри уйқуни ўчиришини билиб олган ёшлар, имтиҳонга тайёрланиш, дискотекага бориш баҳонасида ичимлик ичадилар.
Инсон организми аслида энергияни ёғ, оқсил ва углеводлардан олади. Энергетик ичимликлар таркибида юқорида номлари келтирилган моддалар учрамайди. Ичимликни ширинлаштириш мақсадида қўшилган кимёвий шакар ҳам организмга ҳеч қандай энергия бермайди. Энергетик ичимлик организмни зўриқтиради холос. Ичимлик таъсирида зўриқиб ишлаб ўз захирасини сарфлаган организмнинг ўзини тиклаб олиш учун анчагина муддат талаб этилади. Биз ичимликларни таъсири хусусида сўз юритдик, Сиз қандай ичимлик ва қанча миқдорда ичишни ўзингиз танланг.
Али АХМЕДОВ
Жиззах шаҳри.