ҒАЛЛАОРОЛДА УЗУМ ПЛАНТАЦИЯСИ

Ҳар бир туманнинг боғдорчилик, деҳқончилик бўйича ўз ихтисослашуви, табиатнинг инжиқликларига мос маҳсулоти бор. Айтайлик, Бахмал олмасини нисбатан иссиқ бўлган бошқа ҳудудда етиштириб бўлмайди. Узумчилик деганда ҳам кўз ўнгимизда, аввало, Форишнинг кишмиш узуми гавдаланади. Эндиликда Ғаллаорол ҳам узумчилик бўйича етакчилар қаторига қўшилиши кутилмоқда.

Туманнинг Оқтом СИУ ҳудудида салкам 100 гектар майдонда узум плантацияси яратилди. “G`ALLAROL STONE GRUSHING” МЧЖга қарашли мазкур майдонга октябрь ва ноябрь ойларида жами 119400 туп узум кўчатлари экилди. Бу ерда узумнинг “Суғдиёна”, “Келин бармоқ”, “Ҳусайни”, “Мере”, “Ризамат” ва бошқа навлари етиштириляпти.

Узумзорда томчилатиб суғориш амалиёти йўлга қўйилган бўлиб, оқова сувларидан, қудуқдан фойдаланиляпти. Ҳовуз барпо этилиб, сув насослари ва фильтрлаш ускунаси ўрнатилган. Фильтрдан ўтказилган сув елим қувурлар  ёрдамида кўчатларга томчилатиб, меъёрида ва ортиқча исрофсиз етказилиши йўлга қўйилган.   

– Узумчилик даромади бор, харажати ўзини оқлайдиган соҳа, – дейди МЧЖ раҳбари Ҳамид Кулиев. – Давлатимиз раҳбари томонидан катта эътибор қаратилаётгани биз каби тадбиркорлар учун кенг имкониятлар эшигини очаяпти. Томчилатиб суғориш сувни 40 фоизгача тежаса, аниқ йўналтирилгани кўчатнинг нест-нобудсиз ўсишини таъминлайди. Плантацияда доимий 12 нафар, мавсумий 200 нафарга яқин ишчи фаолият олиб боради. Ҳозирда 60 нафарга яқин ишчи ҳудудни ёввойи ўтлардан тозалаб, ерни юмшатишяпти. Уларга ўртача 5-7 млнгача ойлик маош тўланяпти. Ишчилар учун ётоқхона қурилган, ҳамма шароитлар яратилган. Ювиниш, овқатланиш хоналари мавжуд.

Плантация лойиҳасига 12 млрд сўм сармоя йўналтирилган бўлиб, тадбиркорнинг таъкидлашича, келгусида узумзордан кутилаётган даромад нафақат ушбу маблағни қоплайди, балки юзлаб маҳаллий аҳолини доимий ва мавсумий иш билан таъминлайди. Улкан майдонга бир қатор қилиб тизилган шпаллерлар орасини бегона ўтлардан тозалаётган ишчилар орасида агрономнинг ҳам тер тўкиб меҳнат қилаётгани, рости, таажжублантирди.

– Ёғингарчиликка қолдирмасдан, тезроқ ишларни тугатиб олайлик, дея бир ёқадан бош чиқариб ишлаяпмизда, – дейди МЧЖ бош ҳосилоти Музаффар Аҳмедов – Ғаллаоролда бу каби улкан узум плантацияси олдин бўлмаган. Кўчатларни келгуси йилдан бошлаб шпаллерга чиқаришни бошлаймиз. Туманимиз об-ҳавоси узумчилик учун жуда мос. Ҳосилдорлик ҳам шунга яраша бўлади. Узумзор  уч йилдан сўнг кўп сув талаб қилмайди. Чунки кўчатлар томир отиб олганидан сўнг ортиқча суғоришга эҳтиёж қолмайди. Бу муддатда чигиртка босишидан, ёввойи ўтлар, турли касалликларга чалинишига қарши дорилаш ишлари ҳам барглари орқали амалга оширилади. Насиб этса, узоғи 7 йилдан сўнг дастлабки ҳосилни териб оламиз ва республикамиз бўйлаб бозорлар расталаридан жой олади.    

Сўнгги йилларда юртимизда боғ ва токзорлар ҳажми ошиб бормоқда. Президентнинг Жиззахга ташрифида бўлиб ўтган сессияда вилоятимизда боғдорчиликка ихтисослашган туманларда 28 минг гектар янги боғ ва токзорлар барпо этилгани қайд этилди. Бу кўрсаткич келгусида юртимизда мўл ҳосил ва тўкин-сочин дастурхон, аҳолининг доимий иш билан банд бўлишининг гарови демак.

Шаҳноза МАНСУРОВА

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *