Вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатини кескин камайтириш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, подполковник Муродбек Шерлиевнинг маърузаси тингланди. Жумладан, у ўз чиқишида Юртбошимизнинг “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳамда 2022-2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммилий Дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасидаги ишларга тўхталди.
Вилоят ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлларида олиб борилган кенг қамровли профилактик тадбирлар натижасида 2023 йилнинг август ойидан, декабрь ойи якунига қадар жами йўл-транспорт ҳодисалари 16 тага, уларда ҳалок бўлганлар 21 тага, тан жароҳати олганлар 16 тага камайишига эришилди.
Йўл инфратузилмасини яхшилаш борасида, автомобиль йўлларининг керакли жойларига 2 830 дона янги йўл белгилари ўрнатилди.
Ўтган йилнинг 12 ойи давомида йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган 85 544 нафар ҳайдовчи ва пиёдаларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, уларга нисбатан 26 млрд. 196 млн. 955 минг сўм жарима қўлланилиб, жарималарнинг 12 млрд. 717 млн. 852 минг сўми ундирилди. Шунингдек, мавжуд 139 дона компьютерлаштирилган бошқарув тизими ёрдамида 620 916 та йўл ҳаракати қоидабузарликлари аниқланди. Қоидабузарларга нисбатан 259 млрд. 431 млн. 454 минг сўм жарима қўлланилди. Ушбу жарималарнинг 119 млрд. 120 млн. 708 минг сўми ундирилиб, 186 млн. 091 минг сўм миқдордаги жарималар МИБ органларига юборилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Бевосита маҳаллаларнинг ўзида олиб борилган кенг қамровли профилактик тадбирлар натижасида ўтган йили 124 та маҳаллаларда биронта ҳам йўл-транспорт ҳодисаси содир этилмади. Шунингдек, пиёдалар иштирокидаги ҳодисалар 22 тага камайди.
Матбуот анжумани сўнгида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди ва анжуман қатнашчилари учун пресс-тур ташкил этилди.
Васил ИЛЁСОВ.