ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Жиззах шаҳрида “Юксак ҳуқуқий маданият – Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши гарови” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси томонидан ташкил этилди. 

Тадбирда Омбудсман ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссияси ва Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, давлат идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари, ННТлар, сиёсий партиялар, маҳалла раислари, хотин-қизлар билан ишловчи масъуллар ва ОАВ вакиллари қатнашишди. Тадбир аввалида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари Бекзод Нариманов, вилоят ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Г.Нормуродова, Касаба уюшмалари федерацияси Жиззах вилоят кенгаши раиси Н.Пардаев, К. Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси илмий ходими Азиз Татибаев сўзга чиқдилар.

-Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш Омбудсман фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Аҳоли мурожаатлари таҳлили шуни кўрсатадики, чекка ҳудудларда ҳуқуқий билимга эҳтиёж юқори сақланмоқда. Шу боис мазкур масалаларни қамраб олувчи қатор лойиҳалар, жойларда Омбусман институтининг роли ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида давра суҳбатлари, тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Давра суҳбати давомида Омбудсманга келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг таклиф ва муаммолари асосида ҳуқуқий хабардорликни кучайтиришнинг муҳим йўналишларини белгилаб олиш – асосий мақсадимиз, – деди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари Бекзод Нариманов.

Давра суҳбатида Омбудсман ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзоси Говҳержан Юлдашева, Инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзоси Аъзамжон Фармонов, Омбудсманнинг вилоят бўйича минтақавий вакили Ўткир Жўраев, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий марказ юрисконсульти С. Қўнарова ва бошқалар жамоатчилик назоратини кучайтириш, гендер тенглиги, меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимоя  каби долзарб масалалар юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида маъруза қилдилар.

-2025 йилнинг 11 ойи давомида вилоятда 1600 та ажрим қайд этилди, 3000 нафарга яқин бола онаси билан яшаб турган уйини тарк этди, – дейди  вилоят ҳокими ўринбосари Гулнора Нормуродова жумладан. – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ва Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди ўртасида меморандум имзоланган бўлиб, қонунчиликка кўра,  бошқарма бошлиғининг тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар номидан судга даъво аризаси киритиш ҳуқуқидан фойдаланилди. Натижада 88 та ҳолатда аёлларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқи тикланди. Ҳимоя ордери бериш ҳолати ўтган йилларга нисбатан ўсиб, 3500 тани ташкил этмоқда. Хотин-қизлар ҳуқуқларини тиъминлаш, айниқса, маиший зўравонликдан ҳимоя қилишда Омбудсман институти билан чуқур ҳамкорлик қилиш зарурати мавжуд. 

Тадбирда ФЖИ вакиллари ўз фаолиятлари давомида содир бўлаётган муаммо ва ҳолатлар ҳақида фикр, тавсия ва таклифлар билдиришди. Таъкидландики, инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича аҳоли мурожаатларининг ошиб бораётгани жамиятда ҳуқуқий маданият ва онгнинг ошиб бораётгани билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ижобий сигнал. Шу билан бирга қонун ижодкорлиги, Омбудсман институтини янада такомиллаштириш, ННТларнинг ҳуқуқий ва молиявий мустақиллигини қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.    

Муқаддас САПАРОВА.
Б.ҚУДРАТОВ (фото)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *