ВАТАНПАВАРЛИК ОЙЛИГИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

    “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллигини ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармойишига асосан мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон армияси — мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!” шиори остида “Ватанпарварлик ойлиги” давом этмоқда.

        Шу муносабат билан халқ ва армия якдиллигини янада мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда аҳоли ўртасида миллий армиямиздан ғурур ва ифтихор туйғуларини янада ошириш мақсадида вилоятимиздаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг қишки таътил кунларида ёшлар билан учрашувлар ўтказилмоқда.

      Пахтакор туманида Жиззах гарнизони “Н” ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ҳамда туман мудофаа ишлари бўлими томонидан умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари иштирокида  “Халқ ва армия  бир тану бир жондир!” шиори остида Ватанпарварлик фестивали уюштирилди.

    Фестиваль доирасида ўқувчи-ёшлар учун фахрий қоровулнинг саф элементлари, қўл жанги усталарининг жанговар чиқишлари ҳамда ҳарбий оркестр томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар эртамиз эгаларига ҳақиқий байрамона кайфият улашди.

      Ёшлар билан учрашувларда вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси  ва гарнизон фахрийлар кенгаши масъуллари миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб бердилар.

    Вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида Ватанпарварлик ойлиги тадбирлари давом этмоқда.

       В.ҒАЙБУЛЛАЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *