Биламизки, мамлакатда давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилмоқда ва модернизация қилинмоқда. Бошқача айтганда, бугунги шиддатли даврда давлат идоралари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги босқичга чиқмоқда. Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида уларнинг сифати, тезкорлиги, шаффофлиги ва фойдаланиш имкониятини тубдан ошириш орқали “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган улуғвор ғояни сўзсиз амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда ДХМларда ташриф буюрувчилар учун зарур қулайликлар яратилган бўлиб, кутиш заллари электрон навбат тизимлари, ахборот киоскалари, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаклари, саломатлик бурчаклари, мутолаа учун китоб жавонлари, болалар ўйин майдончалари, “Wi-Fi” ҳудудлар ҳамда буфетлар билан жиҳозланган. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, бугун фуқаролар давлат хизматларидан онлайн фойдалана оладилар, бу борада уларда кўникма шаклланган, десак хато бўлмайди. Чунки, ДХМларда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаклари ташкил этилган.ДХМларнинг афзалликлари аввало, рақамлаштириш — коррупцияга қарши энг самарали қалқон. Инсон омили бор жойда хато ва шахсий манфаат бўлиши табиий. Шу сабабли, аксарият хизматлар онлайн шаклга ўтказилди. Юборилган аризалар навбат асосида, қонуний муддатларда ва шаффоф кўриб чиқилади. Эндиликда давлат харидлари, бюджет маблағларининг сарфланиши ва бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар очиқ порталларга жойлаштирилмоқда. Бу фуқароларга давлат идоралари фаолиятини бевосита кузатиш имконини беради. Шаффофлик бор жойда эгри йўл билан иш битиришга бўлган имконият минималлашади.
Ҳар бир идорада коррупцияга қарши ички назорат (комплаенс) тизими жорий этилди. Бу тизим ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишини ва манфаатлар тўқнашуви юзага келишининг олдини олади.Таъкидлаш керакки, бу янги ёндашув фақат тизимни яхшилаш эмас, балки оддий одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришлар ясашга қаратилган: Ортиқча идораларга бориш ва ноқонуний тўловларга чек қўйилади. Имкониятидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро тенг ҳуқуқли хизмат олади.
Бир сўз билан айтганда, Давлат хизматларида ҳалолликни таъминлаш — бу фақат давлатнинг вазифаси эмас. Бунда фуқароларнинг ҳам фаол иштироки, ўз ҳуқуқларини билиши ва ноқонуний ҳолатларга нисбати муросасиз бўлиши муҳим роль ўйнайди. Зеро, ишончли келажакни фақат шаффоф ва ҳалол тизим орқали қуриш мумкин.
Бекзод Қосимов,
Давлат кадастрлари палатаси
Жиззах вилояти бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар шуъбаси бош мутахассиси.