Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аввало, инсон манфаати, халқ тинчлиги ва фаровонлиги туради. “Янги Ўзбекистон – 2030” стратегияси, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланиб, жамиятимизда миллатлараро тотувлик ҳамда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш белгилаб қўйилган.
Бугунги кунда Жиззах вилоятида 20 дан ортиқ миллатларнинг 150 минг нафардан ортиқ вакиллари яшаб келади. Олтита — қирғиз, тожик, қозоқ, рус, татар ва корейс миллий маданий марказлари вилоятимиз марказидаги “Дўстлик уйи”да иш олиб боради. Турли миллатларга мансуб фуқароларимиз учун барча зарур шароитлар яратилган. Жиззах давлат педагогика университетида 1978 йилдан буён рус тили ва адабиёти таълим йўналиши фаолият кўрсатади. Турли миллатлар тилида 26 та газета ва 3 та журнал чоп этилади. Давлат таълим муассасаларида ўқитиш 4 та хорижий — рус, қозоқ, қирғиз, тожик тилларида олиб борилади. Фориш туманида 5 та, Янгиобод туманида 1 та мактабларда тожик, Бахмал туманида 7 та ва Зомин туманида 6 та мактабларда қирғиз, Зарбдор туманидаги 1 та мактабда ўзбек-қирғиз тилларида таълим олиб борилади.
Мамлакатимизнинг шонли саналарида ҳар йили ўзининг фаоллиги билан вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган турли миллат вакилларидан номзодлар давлат мукофотларига тавсия этилиб, улар орасида 40 дан ортиқ давлат мукофотлари ва 200 дан ортиқ эсдалик нишонлари билан тақдирланганлар мавжуд.
16-ноябрь — Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб республикамизнинг барча ҳудудларида “Бағрикенглик ҳафталиги” ташкил этилди. Бу борада вилоятимизда ҳам миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва халқаро дўстликни тарғиб этувчи маъданий – маърифий тадбирлар ўтказилди. Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Жиззах шаҳридаги Дўстлик уйида шу муносабат билан матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирни Жиззах вилояти ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича котибият мудири Нурали Раимов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни айём билан қутлаб, жамият осойишталиги тотувлик ва бағрикенгликда эканини таъкидлади.
Матбуот анжуманида воҳада ташкил этилган миллий маданий марказлар фаолияти, бажарилган ишлар юзасидан йил сарҳисоби қилинди. Бир йилда эришилган ютуқлар, ишлар қайд этилиб, марказлар таклифлари қабул қилинди. Тадбирда ушбу марказларни янада жипслаштириш, алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида грантлар ташкил этилгани қайд этилди. Бу грантлардан унумли фойдаланиш кераклиги ҳақида сўз юритилиб, ҳар бир марказнинг келгусидаги режалари тингланди.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.