Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Жиззах вилоят ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида “Очиқлик ва ошкоралик – жамият ва давлат тараққиётининг муҳим омилидир” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида жамиятда фуқароларнинг ахборот олиш, эркин фойдаланиш ва уни қонун доирасида тарқатиш ҳуқуқларининг асослари, фуқаролар учун давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот порталлари, расмий веб-сайтларидаги маълумот ва ахборотларнинг очиқлиги, улардан фойдаланишнинг ҳолати, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг очиқлиги ва ошкоралиги таҳлил қилинди. Тадбирда «Давлат бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг ижро этилиши жараёнини оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб боришнинг аҳамияти” мавзусида вилоят телерадио компанияси муҳррири Дилмурод Абдураҳимов, “Жиззах ҳақиқати” газетаси бўлим муҳаррири Асад Мустафоев, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Жиззах вилоят ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Элёр Жабборов “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг очиқлиги ва ошкоралиги” мавзусида маъруза қилди.
Давра суҳбатида вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари, вилоят бошқарма ва ташкилотларнинг матбуот хизмати ходимлари, маҳаллий газеталар мухбирлари ва блогерлар иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар давлат бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг ижро этилиши жараёнларининг ёритилиши, ҳудудларда аҳоли орасида резонанс бўлган воқеликка нисбатан расмий муносабат билдиришда ҳокимликлар матбуот хизматларининг роли, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги таҳлили бўйича фикр билдиришди.
Давра суҳбатида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази раҳбари Ҳусан Абдуниязов марказнинг мақсади ва вазифалари, фаолиятининг асосий йўналишлари борасида йиғилганларга ахборот берди. Марказнинг ОАВ ва ахборот хизматлари билан келгусидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларига давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб бориш, соҳадаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ўз мухбиримиздан