Яқинда Сирдарё вилоятида шахмат бўйича бўлиб ўтган фахрий спортчилар ҳамда пара шахматчилар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида жиззахлик фахрий спортчи Ўктам Шералиев биринчи ўринни қўлга киритди.
“Нуроний” жамғармасининг Жиззах вилояти бўлими биносида фахрий шахматчини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда жамғармадан масъуллар, вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш маркази курсантлари, фаол нуронийлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни “Нуроний” жамғармасининг вилоят бўлими раиси Норқул Нушаров кириш сўз билан очиб, фахрийларимизга берилаётган эътибор, уларнинг жамиятимиздаги ўрни, айниқса, спорт орқали ёшларга ўрнак бўлаётгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Ўктам Шералиевнинг республика миқёсида қўлга киритган ғалабаси нафақат Жиззах вилояти, балки бутун фахрийлар жамоатчилиги учун катта фахр эканини таъкидлади.
Тадбир якунида фахрий спортчига “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг эсдалик совғаси топширилди.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).