ИЛҒОР МУҲАНДИСЛИК МАКТАБЛАРИ: МУАММО ВА ЕЧИМ

Бугунги кунда Ўзбекистонда саноат ва инфратузилма йўналишлари катта суръатлар билан ривожланмоқда. Бинобарин, ҳар қадамда янги уйлар, йўллар, заводлар ва бошқа иншоотлар қад ростламоқда. Ваҳоланки, бу борадаги бунёдкорлик ишлари йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Зеро, шундай жараёнда қурилиш сифатини таъминлаш, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш масалалари ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Хусусан, ўз навбатида бу борада малакали муҳандисларга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Бироқ, афсуски, кўплаб техник ОТМ ларимизда ўқитилаётган мутахассисликлар меҳнат бозори талабларига ҳар доим ҳам тўғри келмайди.

Натижада, муҳандисликни тамомлаган кўплаб ёшлар ўз касби бўйича фаолият олиб бормаяпти. Бу эса муаммолар тугунини ечишга хизмат қиладиган муҳандислик таълим тизимини янгилаш зарурлигини англатади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, дунёнинг илғор давлатларида муҳандислик мактаблари ўзига хос тизим асосида ишлайди. Хусусан, Германия, Франция, Швеция каби мамлакатларда муҳандис бўлишни истаган талабалар замонавий технологиялар асосида ўқитилади, уларнинг амалий тайёргарлиги ишлаб чиқариш билан чамбарчас боғланган бўлади. Бинобарин, Европада кўплаб ОТМ ларда талабалар ўқиш даврида реал ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ўтайди. Улар замонавий қурилиш услублари, “яшил қурилиш”, зилзилабардош иншоотлар каби долзарб йўналишлар билан яқиндан танишади. Шунингдек, ҳар бир дарсда амалиётга катта эътибор қаратилади. Ваҳоланки, Ўзбекистондаги айрим техник олий таълим муассасаларида лаборатория жиҳозлари эскирган, замонавий қурилиш технологиялари билан боғлиқ фанлар эса ҳали ҳам тўлиқ жорий этилмаган. Шу боисдан, мамлакатимизда илғор муҳандислик мактаблари тажрибасини ўрганиб, уларни миллий таълим тизимига мослаштириш зарур. Бу борада халқаро тажрибаларни чуқур ўрганиш ва уларни Ўзбекистон шароитига мослаштириш айни муддаодир.

Илғор муҳандислик мактабининг ўзи нима? деган савол туғилади.

Ўз моҳиятига кўра, илғор муҳандислик мактаби — бу замонавий технологиялар, амалий тажриба ва илмий изланишлар уйғунлашган таълим муассасаси бўлиб, у меҳнат бозори талабларига жавоб бера оладиган юқори малакали муҳандисларни тайёрлашга ихтисослашган муассасадир. Хусусан, бу каби мактабларда ўқув дастурлари доимий янгиланади ва саноатдаги энг сўнгги янгиликларга мослаштирилади (масалан: БИМ, “яшил” қурилиш, рақамли лойиҳалаш), назария билан амалиёт бир-бирига чамбарчас боғланган бўлади, талабалар нафақат назарий дарсларда ўрганади, балки реал ишлаб чиқариш лойиҳаларида қатнашади, илмий тадқиқотларга алоҳида эътибор қаратилади, талабалар янги материаллар ёки инновацион техника ва технологик усулларни ишлаб чиқишга жалб қилинади, халқаро ҳамкорлик ривожланган бўлади, хорижий ОТМ лар билан қўшма дастурлар, алмашинувлар йўлга қўйилади, шунингдек, замонавий лабораториялар ва технопарклар мавжуд қошида талабалар назарий билимларини синаб кўради, лойиҳаларни рақамли дастурлар орқали яратади. Бинобарин, илғор муҳандислик мактаби — бу оддий ОТМ эмас, балки амалиёт ва инновацияга таянган, саноат билан бирга ишлайдиган замонавий муҳандислар тайёрловчи марказдир.

Масалан, бу борада халқаро миқёсда илғор тажрибалар асосида қуйидаги йўналишларда натижалар кузатилган:
1. Замонавий ўқув дастурлари. Техника муҳандислиги бўйича янги фанлар, хусусан, БИМ технологияси, экологик (“яшил”) қурилиш, лойиҳа бошқаруви каби курслар жорий этилади (улуши 25%);
2. Амалиёт ва саноат билан ҳамкорлик. Талабалар ишлаб чиқариш корхоналарида ҳақиқий лойиҳалар асосида ўқитилади (25%);
3. Илмий изланишлар ва инновациялар. Талабалар илмий ишлар билан шуғулланиб, замонавий қурилиш материаллари ёки энергия тежамкор технологиялар устида ишлайди (20%);
4. Халқаро ҳамкорлик. Чет элдаги илғор ОТМ лар билан ҳамкорликда профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, қўшма дастурлар йўлга қўйилади (15%);
5. Замонавий лабораториялар. Ҳар бир муҳандислик мактабида қурилиш материаллари синов лабораториялари, рақамли технологиялар марказлари яратилади (15%).

Албатта, бу ёндашувлар бир-бири билан боғлиқ бўлиб, улар умумий тизим сифатида ишлагандагина ўз самарасини беради. Демак, муҳандислик таълимини ривожлантириш учун фақатгина дарсликларни янгилаш эмас, балки ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалиёт, илмий изланиш ва замонавий жиҳозлар ҳам зарур.

Хулоса қилиб айтганда, бугун Ўзбекистонда техника соҳасини юқори сифатда ривожлантириш учун энг аввало малакали муҳандислар керак. Бунинг учун эса:
– ўқув дастурларини замонавийлаштириш;
– дуал таълим тизимини жорий этиш;
– илмий изланишларга эътибор қаратиш;
– хорижий ҳамкорликни кенгайтириш;
– замонавий лабораторияларни ташкил этиш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ана шундагина, мамлакатимизда замонавий, билимли ва рақобатбардош муҳандислар авлоди шаклланади. Ва ниҳоят бу каби илғор ёндашувлар юртимизнинг техника соҳасини ҳам, таълим тизимини ҳам янги босқичга олиб чиқади.

Анвар СОАТОВ,

Жиззах политехника институти
“Архитектуравий лойиҳалаш”
кафедраси катта ўқитувчиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *