МАРКАЗДА UNICEF ХОНАЛАРИ

Янги йил байрами арафасида Жиззах вилояти педагогик маҳорат марказида халқаро ҳамкорлик лойиҳаси амалга ошди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ислом тараққиёт банки ҳамда UNICEF ҳамкорлигида махсус аудиториялар фаолияти йўлга қўйилди.

Ушбу янгилик мактабгача таълимни мувофиқлаштириш бўлими фаолиятини янада кучайтириш, педагоглар учун қулай ва инновацион таълим муҳитини яратишга хизмат қилади. Бунинг учун компьютер жамланмалари, ўйин орқали таълим методикалари ҳамда мактабгача таълимда замонавий ўқитиш усулларига имкон берувчи жиҳозлар, кўргазмали воситалар келтирилди.

-Лойиҳа “Ўзбекистон Республикасида сифатли мактабгача таълим олиш имкониятини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида амалга оширилди.  Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ислом тараққиёт банки ҳамда UNICEF ҳамкорлигида 2023 йилдан буён 50 миллион АҚШ долларлик лойиҳа доирасида юртимиздаги 11 та ҳудудий Педагогик маҳорат марказида янги аудиториялар ташкил қилиниб келинмоқда. Жиззах вилоят ПММда ушбу янгилик сифатли мактабгача таълимни йўлга қўйишда, тарбиячилар  малакасини ва ўқитиш сифатини ошириш, жумладан, мультимедиа ва аралаш таълимдан фойдаланиш каби янги замонавий методика ва ёндашувларни чуқур жорий этишда муҳим рол ўйнайди, – дейди марказ директори Ижод Аҳмедов. – Эндиликда вилоятимизда мактабгача таълимнинг барча ходимлари лойиҳанинг қўшма компонентидан фойдаланадилар.

UNICEF тадқиқотларига кўра, юқори сифатли мактабгача таълим олган  оила болалари келажакда янада кўпроқ таълим олиш, юқори даромадга эга бўлишга кучли интилиш  ва жиноий ҳаракатларга камроқ мойил бўлишлари аниқланган. Шу маънода янги ташаббус яхши келажак учун киритилган сармоя сифатида баҳоланмоқда.

Муқаддас САПАРОВА.

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *