ФОРУМНИ ТАНИМАЙСИЗ ҲАЛИ

Шаҳримиз кўчаларида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда юртдошларимизнинг маданий хордиқ чиқаришлари, айниқса, соғлиққа кони фойда бўлган кечки сайрда тунги Жиззахнинг гўзал манзараларидан бахраманд бўлишлари учун ҳам шароитлар яратилмоқда.

Бу борада айни кунларда Жиззах шаҳридаги Ёшлик кўчасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди.

Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев ҳамда Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов томонидан тасдиқланган 2025-йил 23 июндаги 120-3-55-Қ/25-сонли қарорга асосан шаҳар ҳудудида хизматлар соҳасини ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли учун қулай шароитлар яратиш мақсадида “Заргарлик” маҳалласи ҳудудидаги мазкур кўча тун-у кун фаолият кўрсатувчи 24/7 савдо, кўнгилочар ва гастрономик ҳудуд сифатида белгиланган.

Лойиҳага кўра ҳудуд замонавий дизайн асосида қайта реконструкция қилинади. Кутубхона, дўконлар, амфитеатр, спорт майдончалари, “кафе”, велойўлаклар каби кўнгилочар ҳамда дам олиш масканларини ўз ичига олади. Келгусида мазкур кўча сайёҳлар оқимини кенгайтириш, аҳолининг севимли дам олиш масканига айланиш билан бирга янги иш ўринлари яратилишига ҳам хизмат қилади.

Яна бир қувонарли хабар, йиллар мобайнида кўплаб байрам тадбирлари, концерт дастурлари ўтказилиб келинган Форум мажмуаси ўрнида энди 3000 сиғимга эга янги ва замонавий мажмуа қад ростлайди.

Эндиликда ҳудуд аҳоли гавжум ва сокин масканга айланаётганлиги боис кўча транспорт қатнови учун қайта очилмайди.

Шаҳримизнинг қайси қисмига қарамайлик, кун сайин кўркамлашиб бораётгани бор гап. Амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари албатта аҳоли фаровонлиги, юртимиз равнақи учун хизмат қилади.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *