ЖизПИ ЕВРОПА СТАНДАРТЛАРИГА МОСЛАШАДИ

Хабарингиз бор, Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 2025 йил 2 декабрь куни бўлиб ўтган  Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Жиззах политехника институти Венгриянинг Обуда университети билан амалий ҳамкорлик қилиши бўйича топшириқ берилганди. Мазкур топшириқ ижроси юзасидан Жиззах политехника институти делегацияси 27-29 январь кунлари Венгриянинг нуфузли Обуда университетида бўлди.

 Жиззах политехника институти ректори Алишер Усманкулов бошчилигидаги делегациянинг дастлабки кунда бўлиб ўтган расмий учрашувида Венгриядаги Ўзбекистон Республикаси Консуллигининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи котиби Шохруз Самадов, ЖизПИ делегацияси аъзолари ҳамда Обуда университети раҳбарияти иштирок этди. Учрашувни Обуда университети ректори Левенте Ковácс очиб берди. Тадбир давомида институт фаолияти, таълим, илмий изланишлар ва ривожланиш истиқболлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ташрифнинг асосий мақсади — Обуда университети тажрибаси асосида Жиззах политехника институтини Европа стандартларига мос равишда трансформация қилишдан иборат. Шунингдек, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб институтда Стратегик ривожланиш ва рақамли трансформация бўйича проректор лавозимини жорий этиш ҳамда ушбу лавозимга бошқарув трансформацияси соҳасида тажрибага эга бўлган хорижий мутахассисни жалб этиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. Шундан сўнг томонлар Европа стандартларига асосланган самарали бошқарув модели, стратегик режалаштириш, сифат мониторинги ҳамда рақамли бошқарув элементлари бўйича музокаралар олиб бордилар.

Ташрифнинг иккинчи кунида вакилларимиз Обуда университетининг факультетлари фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида аввало Жон фон Нейман номидаги Ахборот технологиялари факультетига ташриф буюрдилар. Факультет декани др. Гйоргй Эигнер ва Ахборот технологиялари бўйича бош директор др. Андрáс Молнáр делегация аъзоларини факультетда ташкил этилган сунъий интеллект лабораториялари билан яқиндан таништирдилар. Шу куни Шандор Рейто номидаги Енгил саноат ва атроф-муҳит муҳандислиги, Банки Донáт номидаги Механика ва хавфсизлик муҳандислиги, Кандў Кáлмáн номидаги Электротехника муҳандислиги, Йбл Миклўс номидаги Архитектура ва қурилиш муҳандислиги ҳамда Келети Кáролй номидаги Бизнес ва бошқарув факультетлари фаолияти билан яқиндан танишилди. Бунда асосий эътибор рақамли бошқарув тизимлари ва таълим сифати масалаларига қаратилди. Шунингдек, томонлар қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш, талабалар, магистрантлар, докторантлар ҳамда профессор-ўқитувчиларни халқаро грант ва стипендия дастурларига жалб этиш, шунингдек, техникумлар учун халқаро дастурларни интеграция қилиш масалалари бўйича музокаралар олиб бордилар.

Кейинги кун ҳам самарали музокараларга бой ўтди. Венгриянинг Секесфеҳервар шаҳрида жойлашган Алба Региа номидаги Техника факультетига ташриф давомида вакилларимизга университет ректорининг ёрдамчилари др. Антал Нéмез ҳамда др. Андрáс Молнáр ҳамроҳлик қилдилар. Факультетнинг таълим ва илмий йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилгач, шаҳарнинг Фан ва инновациялар парки директори др. Лурáнт Леҳрнер илмий парк фаолияти, олий таълим муассасалари инфратузилмасини ривожлантириш, илмий лабораториялар ва инновацион марказлар ташкил этиш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

Учрашувларда томонлар қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш,  профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш, халқаро грант ва стипендия дастурларида биргаликда иштирок этиш, илмий-тадқиқот, инновация ва стартап лойиҳаларни амалга ошириш каби масалаларда келишувларга эришдилар.

Жаҳонгир ТУЛАКОВ,

институт матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича ректор маслаҳатчиси.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *