Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилоятига ташрифи чоғида белгиланган топшириқлар ижроси юзасидан бугунги кунда барча умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Жадидлар изидан” республика танлови ўтказилмоқда. Жумладан, Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида ҳам ушбу танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда беллашувнинг дастлаб туман босқичида ғолиб бўлган юқори синф ўқувчилари, адабиёт ва тарих фанининг профессор-ўқитувчилари, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъул ходимлари иштирок этишди.

Танлов шартларини бошлашдан аввал вилоят ҳокими ўринбосари Акмал Савурбоев томонидан қисқа маъруза тингланди. Сўнг иштирокчи ёшлар бошқотирма, тест синовлари ҳамда тарихий, бадиий асарлар таҳлили бўйича ўзаро беллашдилар. Музокаралар давомида ғолибликка муносиб ўқувчилар сони бисёр эканлиги ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳам эътироф этилди.
— Буюк жадид, аллома ва мутафаккирларнинг бой маънавий меросини ўрганиш кишини камолотга элтгувчи илмдир, — дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Санобар Суярова. — Ўқувчиларни китобхонликка кенг жалб этиш, уларнинг маънавий дунёсини, мустақил ва танқидий фикрлашини янада бойитиш мақсадида ташкил этилаётган мазкур танловнинг республика босқичида ҳам воҳамиз ёшлари фаол иштирок этишларига ишонамиз.

Якуний натижага кўра, “Жадидлар изидан” танловининг вилоят босқичида Янгиобод туманидан Моҳинур Султонмуродова, Ғаллаорол туманидан Мансур Ойбеков III даражали, Дўстлик туманидан Ойиша Абдуқодирова, Пахтакор туманидан Айнур Аманова II даражали, Ғаллаорол туманидан Дилнура Бекпўлатова, Шароф Рашидов туманидан Дилнура Сайфиддинова I даражали диплом билан тақдирланишди. Ғолиблар республика босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритиб, эсдалик совғалар ҳамда китоблар тўпламига эга бўлишди.
Гулчеҳра ХИДИРОВА