Мамлакатимизда касбий таълим тизимининг ривожи бугунги меҳнат бозорининг рақобатбардош кадрларга бўлган эҳтиёжни қондиришда муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда Президентимизнинг 2025 йил 23 октябрдаги “Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори соҳада янги босқични бошлаб берди. Мазкур муҳим ҳужжат касбий таълимни такомиллаштириш, тизимни халқаро стандартларга мослаштириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, иш берувчилар билан ҳамкорликни кенгайтиришни кўзда тутади. Бу борада вилоятимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жиззах шаҳар Давлат хизматлари маркази мажлисхонасида Юртбошимизнинг мазкур фармон ва қарори ижросини таъминлаш мақсадида Савдо-саноат палатаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси ва Жиззах вилояти касбий таълим бошқармаси ҳамда вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирни Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Бобур Умурзоқов очиб, касбий таълимни ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар, эндиликда ўқув дастурлари бевосита иш берувчилар талабига мос равишда шакллантирилиши, замонавий кадрлар тайёрлаш, дуал таълим тизимини йўлга қўйиш, вилоятдаги мавжуд техникумлар ва марказларда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, уларнинг амалиётини бевосита вилоятдаги дунё брендлари билан рақобатлаша оладиган ишлаб чиқариш корхоналарида ўтказиш, бандлигини таъминлаш ҳақида гапирди.
Жиззах вилояти касбий таълим бошқармаси бошлиғи Сарвар Назарқосимов сўзга чиқиб, соҳадаги янгиликлар билан йиғилганларни таништирди ва дуал таълимнинг афзалликлари, ишлаб чиқариш корхоналарининг касбий таълим бошқармасига қарашли ўқув муассасалари билан ҳамкорлиги, таълимнинг амалиёт билан уйғун бўлиши тўғрисида ўз фикрларини билдирди.
Шундан сўнг Савдо-саноат палатаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси, Жиззах вилояти касбий таълим бошқармаси ҳамда вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Касбий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилишга аҳдлашган корхоналар орасида “ADM JIZZAKH” МЧЖ, “BYD Uzbekistan Factory” МЧЖ, “PAXTAKOR TEKS” МЧЖ, “BASALT WOOL” МЧЖ қўшма корхонаси, “ARTEL ELECTRONICS” МЧЖ, “Нурли тўлқин” МЧЖ каби ўнлаб йирик корхоналар бор.
Зомин туманида жойлашган “ARTEL ELECTRONICS” МЧЖ бош муҳандиси Ғайнитдин Рамузитдинов тадбир қатнашчиларини корхона фаолияти билан таништирди. Жумладан, у бугунги кунда корхонада 1000 нафар ишчи-хизматчилар ишлаётганини, яқинда кир ювиш машинаси, музлатгич, ойна ишлаб чиқариш йўлга қўйилаётгани, йил якунига қадар ишлаб чиқариш қуввати оширилиб, 7,5 мингдан зиёд иш ўрни яратилиши ҳақида гапириб, касб ўрганиш истагида бўлган ёшлар учун корхона эшиклари доим очиқлигини билдирди.
—Барча корхоналарга малакали мутахассислар керак, — дейди “BASALT WOOL” МЧЖ қўшма корхонаси директори Шерзод Шарипов. — Бир йилда 60 минг тонна материаллар ишлаб чиқарилади. 504 нафар ишчи-хизматчилар фаолият кўрсатаяпти. Корхонамиз 2026-2027 ўқув йилида Фориш туманидаги техникум билан ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдик. Ўйлайманки, ҳамкорлигимиз яхши самара беради.
Тадбир якунида йиғилганларнинг саволларига мутахассислар атрофлича жавоб беришди.
Васил ИЛЁСОВ.
Ботир ҚУДРАТОВ (фото).