ЖИЗЗАХДА ЯНГИ ЭЛЕКТР СТАНЦИЯСИ ИШГА ТУШИРИЛАДИ

Бугун мамлакатимизда электр энергияга бўлган эҳтиёж  кун сайин ошмоқда. Энергия танқислигини бартараф этиш, ишлаб чиқариш корхоналарининг энергияга бўлган боғлиқлигини камайтириш, тадбиркорлик субъектларининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилмоқда. Ушбу манбалар орқали электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш ҳамда маъмурий-маиший бино ва иншоотларда энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни рағбатлантириш назарда тутилган.

 Маълумки, 2022-2026 йилларда республикамизда энергия тежамкорлигига эришишни 30 фоизга етказиш, 2030 йилга бориб республикамизда 3 миллиард куб табиий газ тежалиб, ўрнига 50 миллиард кучланишли электр энергия муқобил манбалар ҳисобидан ишлаб чиқарилади.  

Давлатимиз раҳбари янги йил режаси масаласида Олий Мажлис ва халққа мурожаатида иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, бунда, энг аввало, илғор технологияларга асосланган, ташқарида бозори аниқ бўлган юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш заруратига алоҳида эътибор қаратди. Ўз навбатида, инновация асосида юқори технологик маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналарни рағбатлантириш юзасидан ҳам ўзининг аниқ кўрсатма, таклиф ва тавсияларини билдириб ўтди.

Бугун вилоятимизда  инвестиция дастурлари доирасида қатор янги лойиҳалар ишга туширилмоқда.  Ўтган 2025 йилнинг ўзида  вилоятимизда 12 трлн сўмлик 558 та инвестиция лойиҳалари иш бошлаган. Шундан 8 трлн сўми 34 та йирик лойиҳалар учун сарфланган. Натижада 11726 та янги иш ўринлари яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 ноябрдаги “Жиззах вилоятида қуввати 550 МВТ бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятимизда йирик энергетика лойиҳаси босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Электр энергетика тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини энергия ресурслари билан барқарор ва сифатли таъминлаш мақсадида Шароф Рашидов туманининг Нормат Абдуолимов номли массивида   қуввати 550 МВт бўлган буғ-газ иссиқлик электр станциясини қурилиши жадаллик билан давом этмоқда. 

Лойиҳа қиймати 500 млн АҚШ долларини ташкил этувчи иссиқлик электр станцияси қурилишини инвестор Туркиянинг “CENGIZ ENERJI SAN.VE TICA. S” ва лойиҳачи компания “Cenergo” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.

Буғ-газ электр станциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва 25 йил давомида эксплуатация қилиниши шартномада кўрсатилган. Лойиҳа доирасида янги барпо этиладиган, қуввати 550 МВт бўлган  электр станцияси қурилади ва йилига 3,5 млрд  кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, мазкур электр станцияси жорий йилнинг декабрь ойи сўнгига қадар тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган. Лойиҳа якунига етгач, 250 та янги иш ўрни яратилади. Энг муҳими, аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий объектлар барқарор ва узлуксиз электр энергияси билан таъминланади.

Бу ҳақда Туркиянинг лойиҳачи компанияси “Cenergo” МЧЖнинг Жиззах буғ-газ электр станцияси қурилиши бўйича  раҳбари Якуб Ямак қуйидагиларни маълум қилди:

—Ушбу лойиҳа 2023 йилда бошланган, дастлабки шарт ҳам шу йили берилди. Лойиҳанинг қуввати, энергия ишлаб чиқариш ҳажми, молиявий томони ва нечта ходим ишлаши масалалари шу пайтдан бошлаб режалаштирилган. Биз 2026 йилнинг декабрига келиб тўлиқ қувват билан ишга тушишни ва 550 МВТ электр энергияси ишлаб чиқаришни мақсад қилганмиз. Ҳозирги пайтда қурилиш лойиҳаси бўйича олтмиш фоиз ишни бажариб бўлдик. Янги электр станциясининг ишга тушиши натижасида 700 млн куб табиий газ тежалиб, 1,5 млн хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилади. Эксплуатация босқичига ўтгач, тахминан 80-90 нафар ходим ишлайди. Уларнинг 70 фоизи ўзбек мутахассислари, муҳандислари бўлади. Асосан машинасозлик, электроника ва кимё муҳандисларига эҳтиёж бўлади. Янги, замонавий станция олтмиш фоиз самарадорлик билан фаолият юритади. Электр станцияси камида 25-30 йил фаолият кўрсатади.

Бу бизнинг Ўзбекистондаги учинчи, аммо энг йирик лойиҳамиз ҳисобланади. Тошкентда бундан олдин 240 МВТли, Сирдарёда 220 МВТли иккита электр станциясини қурганмиз. Жиззахдаги лойиҳа энг катта ва энг юқори самарадорликка эга. Бу лойиҳа мамлакат иқтисодиётига катта ҳисса қўшади. Ҳозир мазкур лойиҳа доирасидаги қурилиш ишларида 600 нафар ўзбек, турк, хитойлик мутахассис кадрлар меҳнат қилишаётир. Режамизда ходимлар сонини 800 нафарга етказмоқчимиз.

Вилоятимиз иқтисодиётида муҳим роль ўйновчи мазкур лойиҳа энергетика йўналишида мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган ҳолда келгусида ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришига шубҳа йўқ.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *