“ЖИЗЗАХ-ИРЖАР” ПОЕЗД ҚАТНОВИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ

Темир йўллар мамлакатимиз иқтисодиётининг “қон томири”. Юртимиз иқтисодиётини янада юксалишида шубҳасиз темир йўллар ва темирйўлчиларнинг ҳиссаси бисёр. Зеро, йўловчиларнинг бир манзилдан иккинчисига ҳеч бир қийинчиликсиз етиб олишида темир йўллар энг асосий транспорт йўлаги вазифасини ўтайди.Жорий йилнинг 7 октябридан эътиборан “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ томонидан  “Жиззах-1-Иржар-Жиззах-1” йўналиши бўйлаб йўловчи поезд ҳаракатининг йўлга қўйилиши жиззахликларнинг қалбига хурсандчилик олиб кирди. 6355/6356- сонли поезд ҳаракатланиш жадвалига мувофиқ, эндиликда ҳар куни Жиззах темир йўл вокзали бош бекатидан соат 17.30 дан Иржар (Мирзачўл) томон поезд йўлга чиқса, Иржардан Жиззах шаҳри томон  соат 6.00 дан шаҳарлараро йўловчи поезди ҳаракатланади. Умумий узунлиги 73,3 километрни ташкил этувчи масофа давомида поезд  Чаманзор, Пахтакор, Дўстлик ва Иржар бекатларида тўхтаб ўтади. Ҳар бир йўловчи учун кира ҳақи 10000 сўм этиб белгиланган. Соатига 80 километр тезлик билан ҳаракатланадиган поезд тўлиқ йўналиш бўйича масофани босиб ўтиши учун  1 соату 34 дақиқа вақт сарфлайди.

  —“Жиззах-1-Иржар-Жиззах-1” йўналишида ҳаракатланадиган поезд ҳозирча битта вагондан иборат, йўловчилар сони ортиши билан иккинчи вагон ҳам қўшилади, —дейди вагон кузатувчиси Мирзакарим Элтаев.

9 та купедан ибрат поезд бир вақтда 39 нафар йўловчига хизмат кўрсатади. Уч ва олти кишилик ўриндиқлар, телевизор, кондиционер билан жиҳозланган люкс ва комфорд хоналар ҳар қандай йўловчига қулайлик яратади.

  —Ҳам арзон, ҳам хавфсиз транспорт тури сифатида ушбу йўналиш бўйича ҳаракатланувчи поездга чиқдим,—дейди йўловчи Ботир Туропов. —Мен сингари кўплаб Жиззах шаҳридаги олийгоҳларда таҳсил олаётган талабалар учун бу транспорт жуда маъқул ва қулай эканлигини таъкидлаб ўтган бўлардим.

—Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 8-9 апрель кунлари вилоятимизга ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида “Жиззах-1-Иржар-Жиззах-1” йўналишида шаҳарлараро  йўловчи поезд ҳаракати йўлга қўйилди, —дейди “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ ташишни ташкил этиш филиали Жиззах вокзал бошлиғи Умурзоқ Холмўминов.—Йўловчиларнинг мушкулини осон, узоғини яқин қилишда, поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда  катта масъулият, билим ва тажрибаларимиз билан ҳисса қўшаётганимиздан фахрланамиз.  

Узоқдан поезднинг овози эшитилди. Вокзал навбатчи ходимининг қўнғироқ овози йўловчиларни сергак тортди. Йўлларни йўлларга, дилларни дилларга боғловчи машинистлар, йўлингиз оқ бўлсин!

          

          Зоир ЭРГАШЕВ

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган сурат.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *