МАҲСУЛОТ ТУРИ ВА ЭКСПОРТ ҲАЖМИ ОРТМОҚДА

“Жиззах” эркин иктисодий зонаси имтиёзларидан фойдаланиб келаётган, бугунги кунда ишлаб чиқариш қуввати бўйича Марказий Осиёда етакчи ҳисобланган маиший шиша ишлаб чиқарувчи “MINGYUAN SILU INDUSTRY” МЧЖ шаклидаги  Ўзбекистон–Хитой қўшма корхонаси фаолиятини йилдан-йилга кенгайтириб, иш ўринлари сонини ҳам ошириб бормоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халққа мурожаатида иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, бунда, энг аввало, илғор технологиялар трансфери, ташқарида бозори аниқ бўлган, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шунингдек, барча табиий ресурслардан самарали фойдаланиш заруратига алоҳида эътибор қаратилган. Ўз навбатида инновация асосида юқори технологик маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналарни рағбатлантириш юзасидан ҳам аниқ кўрсатма, таклиф ва тавсиялар билдириб ўтилган.

Бугун вилоятимизда ҳам инвестиция дастурлари асосида янги лойиҳалар ишга туширилмоқда. Ўтган 2025 йилнинг ўзида вилоятимизда 12 триллион сўмлик 558 та инвестиция лойиҳалари иш туширилаган бўлиб, шундан 8 триллион сўми 34 та йирик лойиҳалар учун сарфланган. Натижада 11726 та янги иш ўринлари яратилди.

Хусусан, маиший шиша ишлаб чиқарувчи Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси яратилган қулайлик ва имтиёзлар боис 85 млн доллар эвазига йилига 8 млн метр кв қопламали ойна ишлаб чиқарувчи янги тармоғини 2025 йилнинг 3-чорагида ишга туширди. Маҳсулотларни арзон нархларда сотувга қўйишни ва экспортга йўналтиришни бошлаган корхона даромади бугун тўрт ҳиссага ошди. Янги тармоқда 30  нафар маҳаллий ёшлар иш билан таъминланди.

—  Биз аввало Ўзбекистонда иш бошлаганимиздан хурсандмиз,—дейди инвестор Ли Зен Минг. — Мана 7 йилдирки корхонамиз бир лаҳза ҳам тўхтамасдан ишлаб келмоқда. Хитой технологияси асосида иккита янги линияларни ишга туширдик. Маҳсулотларимиз сифатидан экспорт имкониятимиз ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда. Маҳсулотларни сотиш, янги жиҳозларни олиб келиш, тармоқни кенгайтириш каби қатор масалаларда Ўзбекистоннинг бизга берган енгилликларидан албатта, миннатдормиз. Олдинда қатор режаларимиз бор, бошқа турдаги қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ҳам иш бошлаганмиз. Бу янги лойиҳаларимиз сизлар учун ҳам биз учун ҳам манфаатли бўлади, деган умиддаман.

 Қўшма корхонада ишлаб чиқариш юз фоиз маҳаллийлаштирилган. Оҳактош, кварц, доломит, кўмир, техник сода каби хом ашёлар маҳсулотнинг сифатини кафолатлайди. Автоматлаштирилган тизим хавфсизликни таъминлаш билан бирга меҳнат сарфини ҳам камайтиради. Ҳозирда корхонанинг бюджетга йиллик тушуми 15 миллиард сўмга, экспорт кўрсаткичи 3 млн долларга етмоқда.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *