ҚЎҒИРЧОҚ ТЕАТРИНИНГ КЕЛАЖАГИ БОРМИ…?

Жажжи болажонларимиз учун театрлар ичида қўғирчоқ театрининг ўрни ва аҳамияти жуда муҳимдир. Қўғирчоқ театри томошалари болаларга бир олам завқ бағишлаши билан бирга улар онгида меҳр-муҳаббат, яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги тушунчаларни пайдо қилади.

Ўзбекистонда қўғирчоқ театри ўтмишда тараққий этган бўлиб, унинг “чодир хаёл”, “чодир жамол”, “фонус хаёл” турлари фаолият кўрсатиб келган. Мустамлака ва совет даврида ҳам халқ қўғирчоқбозларининг 40 га яқин жамоаси иш олиб борган. Янги шаклдаги қўғирчоқ театри ҳаваскорлиги ХХ асрнинг бошларидан ривож топган. 1939 йил Тошкентда Республика қўғирчоқ театри, 1968 йил Андижонда “Лола” театри ташкил топди. Ўзбекистонда 10 дан зиёд давлат тасарруфидаги ва кўплаб ҳаваскор қўғирчоқ театрлари фаолият кўрсатган.

Қўғирчоқ театри томошабинлари асосан болажонлар бўлганлиги учун ҳам жамоа ўзининг фаолиятига янада катта эътибор қаратади. Спектакльнинг мувафаққиятли чиқиши учун ижодий жамоа –муаллиф, режиссёр, рассом, бастакор, қўғирчоқ актёрлари, вокал, саҳна нутқи ва ҳаракати педагогларининг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Театр репертуарига назар солсангиз унда минглаб ўзбек ва хориж драматурглари асарлари ўрин олган. Сўнги йилларда юртимиз театрларида нафақат болалар учун, катта ёшдаги томошабинлар учун ҳам асарлар намойиш этилмоқда. Масалан, режиссёр Ш.Юсуповнинг “Юрт тумори Тўмарис”, “Баҳром ва Дилором”, Д.Юлдашеванинг “Яна Андерсен”, “Қарсилдоқ”, “Оҳ бу ҳожа Насриддин”, Ф.Хўжаевнинг “Чўп қўғирчоқ” спектакллари шулар жумласидандир. Бугунги кунга келиб янги премьера спектакллардан Ш. Юсуповнинг “Баҳром ва Дилором”, Д. Юлдашеванинг “Лайлакча ва қўриқчи”, Э. Арипованинг “Ур тўқмоқ” асарлари томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинмоқда.

Ўзбек миллий қўғирчоқ театри саҳнасида намойиш этилаётган ҳар битта спектакл ёш томошабиннинг дунёқараши, уларнинг маънавий онги шаклланиши учун беминнат хизмат қилади. Гарчи, асосий томошабинларини ёш томошабинлар ташкил қилсада, театр саҳнасида қўйилаётган спектаклларни ижодкорлар саралаб қўйишади. Томошабинлар ҳам ўз танловидан ўтган спектаклларни кўришади. Уларни “Алдагани бола яхши” қабилида маънан саёз спектакллар билан алдаб бўлмайди. Томошабинлари асосан ёш болалар бўлсада, Ўзбек миллий қўғирчоқ театрининг ҳар битта спектаклига театр жамоаси катта эътибор қаратади. Сабаби ҳозирги кунда спектаклларда шунчаки, “хўжа кўрсинга” роль ижро этадиган актёрларни ҳеч бир томошабин ёқтирмайди. Ҳар тарафлама мукаммал, саҳнанинг қонун-қоидаларига, талабига жавоб берадиган, томошабиннинг ортидан эмас, аксинча ўз ортидан томошабинни эргаштира оладиган спектакллар бўлса, албатта ҳеч ким шундай саҳна асари томошасидан воз кечолмайди.

Аслида актёрлар ижросида қўғирчоқлар ҳаракатга келади ва айнан шу ҳолатга томошабин кўпроқ ишонади. Улар қўғирчоқларнинг ҳар битта ҳаракатини ўзгача қизиқиш ва диққат билан кузатади. Қўғирчоқ театри ўзининг табиатига кўра жозибали бўлиш билан бир қаторда чаққонлиги, сафарбарлиги, жой, вақт ва макон танламаслиги, доимий томошабинга эга эканлиги билан ажралиб туради. Хўш, қўғирчоқ театрининг келажаги қандай деган савол мен каби ҳар бир соҳа вакилини ўйлантиради. Аслида бу санъат бугун ёки кеча пайдо бўлган эмас. Аҳамияти ҳам шунга кўра ғоятда қадрлидир. Унга фақат малакали мутахассислар, юрагида ўти бор истеъдодлар керак. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак қўғирчоқ театри, театр санъати ривожининг ибтидосидир. Шунинг учун янги авлод ҳам, шу соҳа билан профессионал даражада фаолият олиб бораётганлар ҳам албатта тарихни чуқур ўрганишлари лозим. Баъзи кишилар назарида бу санъат тури содда ва оддий кўринсада лекин мустақил санъат тури сифатида ривожланишида катта ўрин эгаллаганлиги билан аҳамиятлидир.

 

Шавкатжон МАМАШАРИПОВ,

Арнасой туман Маданият бўлими қошида ташкил этилган “Камалак” халқ ҳаваскорлик қўғирчоқ жамоасининг саҳналаштирувчи режиссёри.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *