Шу шиор остида Марказий банк Жиззах вилоят бош бошқармаси ва ҳудудий тижорат банклари филиаллари билан ҳамкорликда аҳолига кўрсатилаётган банк хизматларининг очиқлиги ва шаффофлиги, соҳа ходимларининг фуқаролар мурожаатларига жавоб бериш маданияти ҳамда ҳозирги вақтда фаол кузатилаётган фирибгарликлар ҳақида аҳолига маълумотлар бериш юзасидан тадбир ўтказилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида бу иллатга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Маълумки, коррупция барча мамлакатларга таҳдид солувчи мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳодиса бўлиб, у ҳар қандай давлат ва жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омилдир.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида қонунчилик асосларини такомиллаштириш, давлат органларининг, жамиятнинг очиқлигини таъминлаш, ахборотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан “Марказий банк тизимида коррупцияга қарши курашиш ишларини янада самарали ташкил этиш тўғрисида” 2026 йил 29 январда Фармойиш ишлаб чиқилди.
Вилоят Маънавият ва маърифат марказида Марказий банк Жиззах вилоят бош бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган ўқув семинари ҳам айнан шу мавзуга қаратилди. Семинарда Жиззах Давлат педагогика университети профессор ўқитувчилари ҳамда талабалари, маънавиятчилар, зиёлилар, ОАВ вакиллари иштирок этишди. Унда Марказий банкнинг Жиззах вилояти бош бошқармасида коррупцияга қарши курашишга масъул бўлган ички назорат тузилмаси ходими Акбар Қўшназаров томонидан кун тартибидаги масала юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди. Маърузачи йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан коррупцияга қарши қабул қилинган ички норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида маълумот берди. Жумладан, банк тизимида бу иллатга қарши курашиш, коррупциявий ҳуқуқбузарликларга оид жавобгарликлар, унинг олдини олиш бўйича доимий тарзда профилактика тадбирларини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўламига тўхталиб ўтди.
Семинарда республика Марказий банки Киберхавфсизлик маркази бўлим бошлиғи Мурод Холиқов банк карталари билан боғлиқ фирибгарликлар ва уларга қарши курашиш мавзусида маърўза қилди.
Шунингдек, тадбир давомида банк тизимида коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни таҳлил қилиш мақсадида банк истеъмолчилари, тадбиркорлар ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида аноним сўровномалар ўтказилди. Семинарда иштирокчиларнинг саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.
Зоир КАЛОНОВ.
Ш.ЭГАМҚУЛОВ (фото).