Хитой Халқ Республикасининг камбағалликка қарши курашиш йўналишида катта тажрибага эга бўлган етакчи олимлари – Фудан университети профессори Ван Сяолин, Пекин педагогика университети профессори Чжан Си ҳамда бошқа мутасаддилардан иборат делегация вакиллари мамлакатимизга ташриф буюрди.

Ташриф доирасида делегация аъзоларининг Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги маҳаллалар фаолияти билан танишиши, жойлардаги мавжуд ҳолатни ўрганиши ҳамда улар иштирокида ўқув-семинарлар ўтказиши режалаштирилган.
Меҳмонлар дастлаб Шароф Рашидов туманидаги Туёқли ҳамда Зарбдор туманидаги Лалмикор ва Оқбулоқ маҳаллаларида бўлдилар. Хитойлик профессорлар маҳалла аҳолисининг турмуш тарзи, томорқа ерлари ва иссиқхоналар фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Учрашувлар давомида меҳмонлар маҳалла тизими орқали камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини ошириш ҳамда маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Шунингдек, делегация аъзолари аҳолига ҳосилдорликни ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва даромад манбаларини кенгайтириш юзасидан тавсиялар бердилар. Маҳалла фуқаролари билан ўтказилган конструктив суҳбатларда камбағалликни қисқартириш ва жамиятни барқарор ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф давомида меҳмонлар “Рақамли маҳалла” платформаси имкониятлари билан ҳам танишдилар.
Маълумки, Хитой қисқа вақт ичида қарийб 900 миллион аҳолини камбағалликдан чиқаришга муваффақ бўлган давлатлардан бири ҳисобланади. Шу боис хитойлик экспертларнинг илмий ва амалий тажрибаси аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Шаҳноза МАНСУРОВА