АССАЛОМ, НАВРЎЗ!

​Шароф Рашидов туманидаги 10-умумтаълим мактабида баҳор ва янгиланиш айёмига бағишланган “Ассалом, Наврўз!” номли байрам тадбири ўзгача кўтаринки руҳда ўтказилди. Мазкур шодиёна Шоҳиста Маматқулова раҳбарлигидаги 1-“Б” синф ўқувчилари иштирокида ташкил этилиб, унда миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва халқ анъаналари кенг тараннум этилди. Тадбир давомида жажжи болажонларнинг чиқишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.


​Байрам дастуридан ўрин олган шеърхонлик ва ижро этилган куй-қўшиқлар даврага байрамона кайфият бағишлади. Шунингдек, ўқувчилар миллий қадриятларимиз акс этган мақоллар айтиб, халқ донолигини намоён этдилар. Тадбирнинг энг қизиқарли қисми сифатида намойиш этилган саҳна кўринишларида Наврўзнинг мазмун-моҳияти, халқимизга хос меҳр-оқибат, аҳиллик ва бағрикенглик ғоялари моҳирона ёритилди.
​Миллий ўйинлар билан давом этган тадбирда ўқувчилар “Арқон тортиш” ҳамда “Оқ теракми, кўк терак” каби беллашувларда фаол иштирок этиб, ўзларининг жамоавийлик аҳилликларини намоён этдилар. Айниқса, ўқувчиларнинг ранг-баранг миллий либосларда иштирок этгани тадбирга алоҳида кўрк бағишлади.
​Умуман олганда, ушбу тадбир ўқувчиларнинг миллий қадриятларимизга бўлган ҳурматини ошириш, уларни бой маданий меросимиз руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этди. “Ассалом, Наврўз!” байрами барча иштирокчиларга олам-олам қувонч ва унутилмас илиқ таассуротлар улашди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *