ЮРТ ОБОДЛИГИ, АВВАЛО, МАҲАЛЛАДАН  БОШЛАНАДИ

Она замин ва табиатга меҳр-муҳаббат, саховат ва мурувват, бунёдкорлик ва олийжаноблик каби халқимизга хос эзгу фазилатлар энг қадимий байрамимиз бўлган Наврўз тимсолида асрлар давомида улуғланиб, сайқал топиб келмоқда.

Айниқса, бугун жамиятимизда инсон қадри юксалиб, бебаҳо бойлигимиз-еримиз, сувимиз ва табиатимизга,  неча минг йиллик анъаналаримизга эътибор кучайиб бораётган Янги Ўзбекистон шароитида бу байрамнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти янада ортиб бормоқда.

Шу тароватли кунларда табиат уйғониб, гўзал диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам  билан бирга, ойларнинг сарвари, ўн икки ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак Қуръони карим китоби нозил бўлган ой, қутлуғ айём ийди Рамазон ҳайити ҳам кириб келмоқда.

Вилоятимизда “Наврўз” умумхалқ байрамини  нишонлаш ҳамда муборак Рамазон ойини муносиб  кутиб олиш, айниқса, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончаларини ободонлаштириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирларини давом эттириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28-февралдаги  фармойишига асосан “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия  ҳашари ўтказилмоқда.

Ҳар йили вилоятимизда умумхалқ байрамлари арафасида хайрия ҳашари ўтказиш анъанага айланган. Мазкур анъаналаримиз орқали ёшлар онгига ҳамжиҳатлик, ободлик ва яратувчанлик ғояларини чуқур сингдириш, ўз уйини, маҳалласини, иш жойини тоза, озода сақлаш, унинг обод бўлишига ўз ҳиссасини қўшиш каби туйғуларни шакллантириш мана шундай тадбирлар орқали амалга оширилади.

Бугун атрофимизда, жамиятимизда кенг кўламли ўзгаришлар орқали одамларнинг онги, дунёқараши ўзгариб бормоқда. Замон билан ҳамнафас бўлиш, янги ғоялар, ташаббуслар ҳам муҳим саналади.

 —  Ўтказилаётган ҳашарда вилоятдаги 304 та маҳаллаларнинг жами 1867 нафар “Маҳалла еттилиги” ходимларига 7858 та кўчалар бириктирилиб, “кўчабай” ишлар ташкил қилиш вазифаси қўйилди ,— дейди  “Маҳалла” уюшмаси Жиззах вилояти бошқармаси бош мутахассиси  Абдусаттор Бобобеков. — Ҳар бир маҳаллада қадриятларимиз бўлган ҳашарни уюшқоқлик билан олиб бориш юзасидан вилоятдаги 13 та туман (шаҳар)лардаги кекса нуронийлар, фахрийлар билан келишиб олдик.

Ҳашарда вилоят бўйича 500 минг нафардан зиёд фуқаролар, шундан 170 минг нафар  ёшлар иштирок этмоқда. Хайрия ҳашарига 1300 дан ортиқ махсус техникалар жалб қилинди.  1,5 минг гектар майдондаги чиқиндилар,  ариқлар тозаланмоқда.

Бундан ташқари, 304 та маҳаллалардаги 538 та аҳоли пунктлари, 2450 та кўп қаватли турар жойлар, 234,7 мингта якка тартибдаги уй-жойлар, 114 та маҳалла гузарлари, 237 та хиёбонлар, 54 та зиёратгоҳлар, 540 та қабристонлар, 7858 та кўчалар ҳамда 549 та болалар ва спорт майдончалари тартибга келтирилаётир. 352,7 минг туп дарахтлар буталаниб, оқланмоқда ҳамда кўчатлар ости юмшатилиб, суғориш ишлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож 1,2 мингдан ортиқ  эҳтиёжманд оилалар, 460 нафар боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олинди ва  600 нафар фуқароларнинг уй-жойлари тозаланиб, тартибга келтирилаётир. Шунингдек, ҳашар кунида 304 та маҳалладаги 303 нафар фуқаронинг уй-жойларида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш орқали миллий қадриятларимизга бўлган ҳурмат ва эътиборни янада мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ёлғиз кексалар, фахрийлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ота-онасиз қолган фарзандларга нисбатан инсонпарвар, меҳр-шафқатли муносабатда бўлиш ғояларини тарғиб қилиш кўзда тутилган.

 Зоир ЭРГАШЕВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *