Дўконлардан сут сотиб олаётганда ёрлиқлардаги “Пастерилланган” сўзига кўпам эътибор беравермаймиз. Микробиология ёки биотехнология фанлари билан таниш кишиларгина бу сўзни кўришганида, француз олими Луи Пастерни ёдга олиб қўйишади.
Луи Пастер асосан шароб ишлаб чиқариш ва қисман пиво пишириш соҳасида илмий изланишлар олиб борган. XVIII-XIX асрларда Франция шароб ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш борасида дунёда етакчи ўринни эгаллаган эди. Шароб француз халқи учун миллий фахр предметига айланиб улгурган эди.
XIX аср ўрталарига келиб Франция шаробчилигида номаълум эпидемия таъсирида ичимликлар ичишга яроқсиз ҳолга келиб қолаётгани кузатилди. Баъзи нав шароблар сиркага айланиб қолгани, баъзиларида нохуш аччиқ таъм ҳосил бўлиши, баъзи нав шароблар истеъмолчига етиб борганида қуйилиб, қиёмга ўхшаш қовушоқ ҳолга келиб қолган бўлса, баъзи навлари хира тортиб ўз шаффофлигини йўқотиши кузатилган.
Франция шароб бозорида ўз устунлигини йўқота бошлади. Бу ҳолат Франциянинг иқтисодига ва шаробчилик бозоридаги мавқейига путур етказиши мумкин эди. Шаробчилик корхоналари корчалонлари фалокатнинг асл сабабларини билмасдан жиддий ташвишга туша бошлашди.
Франция императори Наполеон III фалокатни фақатгина илм аҳиллари бартараф қила олишларини тушуниб етди. Мамлакат обрўси билан бирга мўмайгина маблағдан қуруқ қолиш кимга ҳам ёқар эди? Шахсан императорнинг топшириғига биноан ўша пайтда 40 ёшда бўлса-да, кимёгар сифатида анчагина танилиб улгурган бўлган Л.Пастер ишга таклиф этилди. У кристаллография соҳасидаги тадқиқотлари ва бир қанча тажрибалари билан олимлар орасида танилиб улгурган эди.

Пастер муаммога ишлаб чиқарувчи технолог сифатида эмас, балки кимёгар ва биолог сифатида ечим ахтарди. Корхонанинг ўзида лаборатория ташкил этди ва ўзи томонидан илмга киритилган асосий қуроли микроскоп ёрдамида тажрибалар ўтказишни бошлади. Аввалига у тоза шароблар устида, кейин сифати бузилган шароблар устида изланишлар олиб борди. Микроскоп остида шакарни этил спиртига айлантирадиган ачитқи ҳужайралари фаолиятини кузатди.
Кейин истеъмол учун яроқсиз ҳолга келиб қолган шароблар намуналарини кузатишни бошлади. Ачиб қолган шароблар таркибида ачитқи микроорганизмлар билан бирга ноаниқ таёқчасимон организмлар борлигини аниқлади. Бу организмлар спиртни сиркага айлантирадиган бактериялар эди.
Таъми тахирлашиб қолган шаробларда яна бошқа тур микроорганизмларни аниқлади. Қовушоқ шаробларда учинчи тур, яъни елимсимон полисахаридлар ҳосил қилувчи микроорганизмларни аниқлади.
Пастер ўша давр учун инқилобий хулосага келди, яъни шаробларнинг касалланишига номаълум кимёвий ёки технологик жараёнлар эмас, балки кўзга кўринмайдиган тирик организмлар – микроблар фаолияти айбдор экан. Микроблар шароб таркибига тушиб қолгач, “яхши” микроорганизмлар билан рақобатлашиб, бижғиш жараёнининг охирида ўзининг вайронкор фаолиятини амалга оширар экан. Шаробдаги ҳар бир касаллик маълум бир микробнинг фаолияти натижаси экан.

Пастер олдида яна бир муаммо пайдо бўлди. Шаробни сақлаб қолиш учун “ёмон” микробларни нобуд қилиб, “яхши”ларини сақлаб қолиш керак эди. Шаробнинг қайнатилиши ундаги ифор мойларини ҳавога учиб кетишига ва шаробнинг оддийгина ошхона шароби ҳолига келишига сабаб бўлади. Шунда у шароб намуналарига турли ҳароратларда ва турли муддатларда ишлов бериб кўрди. Машаққатли тажрибалар натижасида “олтин ўрталиқ”ни топди. Шаробга 55–60 °C ҳароратда қисқа муддатда иссиқлик ишлови берилса, зарарли микробларни нобуд қилиш мумкин экан. Шу билан бирга шароб таъми ва хушбўйи сақланиб қолар экан. Шу жараён пастериллаш деб фанга киритилди. Пастериллаш француз виночилигини муқаррар ҳалокатдан сақлаб қолди. Пастерилланиб, шиша идишларга қадоқланган винони дунёнинг исталган мамлакатига сифати бузилмаган ҳолда етказиш имконияти пайдо бўлди.
Пастериллаш кейинчалик пиво ишлаб чиқариш саноатига кашфиёт сифатида татбиқ этилди. Ундан кейин шойи ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ этилди. Кейинчалик инсонлар ва ҳайвонларнинг касалланишига ҳам микроблар сабабчи эканлиги исботланди. Замонавий медицина унинг ғоясини амалиётга татбиқ этиб, жарроҳликда антисептиклардан фойдаланила бошланди. Кейинчалик унинг изланишлари сибир яраси, қутуриш каби ўз даврида бедаво ҳисобланган касалликлар профилактикасида қўлланиладиган вакциналар яратилишига олиб келди.
Императорнинг шаробпазлик саноатини қутқариб қолиш борасидаги биргина илтимоси микробиология фанининг туғилишига ва миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолинишига сабаб бўлди. Кейинчалик озиқ-овқат саноатининг энг харидоргир соҳаси бўлган сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш тармоғида муваффақиятли қўлланилди. Бу даврга келиб Л.Пастер оламдан ўтган эди.
Али АҲМЕДОВ.