ШАФФОФЛИК — БАРҚАРОРЛИК ГАРОВИ

Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Зеро, ҳар қандай соҳада адолат ва шаффофлик таъминланмас экан, ривожланиш ва халқ розилигига эришиб бўлмайди. Бу борада мамлакатимиздаги энг йирик молиявий тузилмалардан бири бўлган “Халқ банки” тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Халқ банкида коррупцияга қарши курашиш шунчаки шиор эмас, балки кундалик иш жараёнининг ажралмас қисмига айланди. Банк тизимида халқаро стандартларга мос келувчи “Комплаенс-назорат” (Compliance Control) тизими жорий этилган. Бу тизим банкнинг барча бўғинларида қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва бартараф этишга хизмат қилмоқда.

Коррупциянинг энг катта душмани-бу очиқлик ва рақамлаштиришдир. Халқ банки томонидан банк хизматларини тўлиқ рақамлаштириш борасида салмоқли ишлар қилинди. Жумладан,  эндиликда кредит олиш учун банк ходимининг “субъектив” хулосаси эмас, балки скоринг тизими (инсон омилисиз баҳолаш) хулосаси асос қилиб олинмоқда. Миллионлаб ватандошларимизнинг ижтимоий тўловлари банк карталари орқали манзилли ва шаффоф етказиб берилмоқда. Шунингдек, фуқароларга нақд пул кўринишида пенсия маблағлари Фасе-ИД тизими орқали тарқатилмоқда.  Банк хизматларидан масофавий фойдаланиш имконияти мижоз ва банк ходими ўртасидаги бевосита мулоқотни камайтириб, суиистеъмолчилик хавфини минималлаштирди.

Банк фаолиятида очиқликни таъминлаш мақсадида жамоатчилик билан қайта алоқа тизими йўлга қўйилган. Ҳар бир мижоз банк тизимидаги ноқонуний хатти-ҳаракатлар ёки таъмагирлик ҳолатлари бўйича махсус «Ишонч телефонлари» ва ижтимоий тармоқлардаги расмий каналлар (komplayens@xb.uz, xb.uz) алоқа каналлари, “Tezkor xabar” мобил иловаси, 95-197-99-01 ишонч телефони, шунингдек, банкнинг расмий веб-сайтида коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида “Anticorruption” саҳифаси орқали мурожаат қилиши мумкин. Ҳар бир мурожаат қатъий назоратга олиниб, тезкор чоралар кўрилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш фақат жазолаш эмас, балки ходимларда “ҳалоллик вакцинаси”ни шакллантириш ҳамдир. Шу мақсадда банк ходимлари ўртасида мунтазам равишда ўқув семинарлари, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Ҳар бир ходим ўз фаолиятида коррупцияга йўл қўймаслик бўйича шахсий масъулиятини ҳис қилиши тизимнинг бош мезонидир.

Шунингдек, Шароф Рашидов туманини “коррупциядан холи” ҳудудга айлантириш бўйича тасдиқланган дастур ижроси доирасида АТ “Халқ банки” Шароф Рашидов БХМ томонидан коррупциявий хавфларнинг олдини олиш мақсадида аҳоли ва банк ходимлари ўртасида мунтазам равишда аноним сўровномалар ўтказиб борилмоқда. Ушбу сўровномалар натижалари таҳлил қилиниб, тизимдаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан махсус «Йўл хариталари» ишлаб чиқилган. 

Хулоса қилиб айтганда, Халқ банки тизимидаги ислоҳотларнинг бош мақсади халқимизга ҳалол, сифатли ва замонавий банк хизматларини кўрсатишдир. Зеро, шаффофлик бор жойда ривожланиш бўлади, коррупциядан холи тизим эса барқарорлик ва фаровонликнинг энг мустаҳкам кафолатидир.

   Комил САФАРОВ,

АТ “Халқ банки” Жиззах вилоят

минтақавий маркази Ички назорат ва

комплаенс хизмати катта менежери.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *