АФҒОН УРУШИ ФАХРИЙЛАРИ ШАРАФЛАНДИ

Афғон уруши тугаганига 37 йил тўлган бўлса-да, унинг оғир изтироблари ҳалигача қалбларни тирнайди. Қонли жанглар қолдирган алам, йўқотиш ва битмас дардлар хотираларимиздан ўчмайди.

Омонсиз урушда Жиззах заминидан 2 мингга яқин мард ўғлонлар иштирок этган бўлиб, уларнинг 35 нафари жанггоҳларда қаҳрамонларча ҳалок бўлди. 186 нафари оғир жароҳат олгани сабабли Ватанига қайтгач, оламдан кўз юмди. 210 нафар юртдошимиз эса саломатлигидан айрилди.  

Афғон урушининг собиқ жангчилари ҳар йили февраль ойининг ўрталарида анъанавий тарзда вилоятимиз марказидаги “Хотира хиёбони”да тўпланишади. Улар қуролдош дўстлари билан дийдорлашиб, ортда қолган суронли кунларни, ҳалок бўлган полкдошларини хотирлашади.

Ушбу анъана бу йил ҳам давом этди. Марҳумларни ёд этиш тадбирида афғон урушининг собиқ жангчилари ва уларнинг оила аъзолари, вилоят ҳокимлиги вакиллари, вилоят куч тузилмалари ходимлари, ҳарбийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, “Темурийлар издошлари” мактабининг ўқувчилари ҳамда журналистлар иштирок этишди. Маросим мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш билан бошланди.

Уруш дамларини хотирлаётган собиқ жангчиларнинг суҳбатига қулоқ тутар эканмиз, кўз олдимизда қум босган тоғ йўлларидаги сукунатни бузган ваҳимали ўқ садолари гавдаланади. —Термиздаги ҳарбий хизматга чақирилганимизда бизга дастлаб Ленинградга кетишимизни айтишган эди, — дея гап бошлайди Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи ветеран-жангчи Худойберди Аҳмедов. Хурсанд ҳолда поезддан тушар эканмиз, Ашхобод шаҳрига етиб келганимиздан ҳайрон бўлдик. Бу ердан Айритом кўприги орқали Афғонистонга йўл олганмиз. Ўша пайти уруш ҳақидаги гап-сўзлар етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган. Лекин жасур шерикларим билан ортга қочиб кетиш ҳақида заррача бўлса-да ўйламаганмиз. Бир ойлик тайёргарлик жараёнидан сўнг бизни Ғазна шаҳрига олиб боришди. Буёғига оғир ва суронли кунлар бошланди. Жанглар давомида мина қўйилган ҳудудларга кириб, бир неча марта сафдошларимни қутқаришимга тўғри келди, катта-кичик жароҳатлар одим. Ватанга садоқатим ва йигитлик ғурурим мени доим олдинга ундаган. Қонли жангу жадалларни, йўқотган қуролдош дўстларимни аччиқ ёш билан эслайман. Фарзандларимиз бугунги дориламон кунларнинг қадрига етиши ва тинчлигимизни асраш йўлида сидқидилдан меҳнат қилишларини хоҳлайман.

Ҳа, бу каби Ватан қаҳрамонларининг ҳар бири  ўзига хос алоҳида тақдирга эга. Бироқ улар ҳикоя қилиб берадиган воқеалар ҳамда айтадиган ўгитларида бир умумийлик мужассам – тинчликни қадрлаш ва она юртимиз мустақиллигини кўз қорачиғидек асраш. Хотира хиёбонида дўст ва яқинлари билан гаплашаётган собиқ жангчиларнинг юз-кўзларидан бундайин туйғуларни англаш қийин эмас.

Тадбир уруш қатнашчилари учун “Наврўз” тантаналар мажмуида ташкил этилган байрам дастурхони билан кўтаринки кайфиятда давом этди. Бу ерда “Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси вилоят кенгаши раиси Фарҳод Одилов сўзга чиқди. У барчани ушбу кун билан самимий табриклаб, Афғонистондаги урушда ўзбек ўғлонлари томонидан кўрсатилган мардлик ва фидойилик, шунингдек, қаҳрамонларнинг номларини абадийлаштириш, тинчликнинг қадрига етиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш  ҳақида гапирди. Шундан сўнг саҳнада санъаткорларнинг Ватанни мадҳ этувчи дилтортар наволари ва дилрабо қўшиқлари янграб, иштирокчилар қалбига ўзгача завқ-шавқ бағишлади.

Юсуфбек Сайдалиев.

Шерзод Эгамқулов (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *