Жиззах вилояти педагогик маҳорат марказида “Таълим сифатига хизмат қилаётган тизимли ислоҳотлар: натижалар ва истиқболлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда марказ директори Ижод Ахмедов, вилоят директорлар кенгаши раиси ўринбосари Дилмурод Каримқулов, профессор-ўқитувчилар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Анжуманда марказ фаолияти, малака ошириш ва қайта тайёрлаш жараёнлари, ҳудудларда олиб борилаётган методик хизматлар, инновацион ёндашувлар ва халқаро тадқиқотлар доирасидаги ишлар ҳамда директорлар кенгаши фаолияти ва унинг таълим сифатига таъсири юзасидан ОАВ вакилларига батафсил маълумотлар берилди.

– Педагогларнинг малакасини ошириш йўналишида 13 мингдан ортиқ ўқитувчи қамраб олиниб, белгиланган режа 102 фоизга бажарилган, – дейди марказ директори Ижод Ахмедов. – Марказда жорий этилган “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати” платформалари орқали юзлаб педагоглар мунтазам равишда амалий семинарлар ва очиқ дарсларда иштирок этмоқда. Бу эса уларнинг дарс жараёнидаги компетенцияларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ҳудудларда манзилли ишлаш натижасида 2025 йилда 39 та мактабда методик тадбирлар ташкил этилиб, 993 нафар педагог қамраб олинган. “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида ҳафталик 72 соатлик машғулотлар ўтказилган. Шунингдек, 5 та ҳудуддаги 12 та “қизил” тоифадаги мактабда махсус курслар йўлга қўйилган.
Марказда рақамлаштириш ишлари доирасида 17 та аудитория замонавий техника билан жиҳозланган. Уларда видеопроектор, интерактив доска, компьютер, ноутбук ва VR қурилмалари мавжуд. Давомат FaceID орқали назорат қилиниб, сертификатлар onlinedu.uz платформаси орқали тақдим этилмоқда.

Халқаро ҳамкорлик доирасида Малайзия, Япония ва Россия билан тажриба алмашишишлари амалга оширилиб, хорижий мутахассислар иштирокида амалий семинарлар ўтказилган. Миллий даражада эса Президент мактаблари, олий таълим муассасалари ва Миллий гвардия ўқув марказлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Тадбир давомида вилоят директорлар кенгаши раиси ўринбосари Д. Каримқулов соҳада олиб борилаётган тизимли ишлар хусусида ҳисобот берди.
– Ҳозирда директорлик лавозими бўш бўлган мактаблар сони 44 тани ташкил этади, – дейди у. – Айни вақтда юздан зиёд номзодлар директорлар кенгашидан суҳбатдан ўтиб, муваффақиятли иш фаолиятини бошлаган. Директор лавозими бўш бўлган мактабларда асосий эътиборни мактаб вакантлик лавозимига тушгандан кейинги ҳолатига қаратамиз.
Вакант лавозим учун номзод А.Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида директорлик сертификатини қўлга киритгандан сўнг у билан суҳбат ўтказилади. Бу босқичда мактаб учун унинг амалга оширишни режалаштирган ишлари алоҳида қайд этилади. Директорлар кенгаши мактабга борганида янги тайинланган директорнинг жамоа билан бирикиши, бажарган ишлари кўриб чиқилади.
Тадбир якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.
Шаҳноза МАНСУРОВА.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган сурат