ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

Ўзбекистон ҳали ўз мустақиллигини эълон қилмаган, тоталитар тузум ўзининг зулмини ўтказаётган бир пайтда, яъни 1989 йил 21 октябрда  “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинди ва  ушбу қонун ўша даврда халқимизнинг мустақиллик учун қўйилган дастлабки қадами бўлди.

 Қонунга кўра, “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили” эканлиги ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишининг  белгилаб қўйилганлиги ўша давр учун муҳим воқелик бўлиб, собиқ  Иттифоқда  катта резонансга сабабчи бўлган эди.

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда қарийб 7 мингга яқин тил мавжуд бўлиб,  улардан фақат 200  тасигина давлат тили мақомига эга. Шу тиллар қаторида  жаҳон миқёсида 50 миллиондан ортиқ киши сўзлашиб, кўплаб мамлакатларда ўзгача қунт ва иштиёқ билан ўрганилаётган гўзал ва жозибали тил – ўзбек тилининг ҳам борлиги қалбимизни ғурур ҳамда ифтихорга тўлдиради.

Мустақил Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 апрелдаги ЎРҚ-615-сон Қонунига асосан эса 21 – октябрь мамлакатимизда Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. Бугунги кунга келиб, дунёнинг қадимий ва бой тилларидан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун давлат мустақиллигининг рамзи, улкан маънавий қадрият ва миллий ўзлигимиз белгисига айланди.

Сўнгги йилларда юртимизда ўзбек тили масаласидаги давлат сиёсати – инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларимизга ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳанг равишда олиб борилмоқда. Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон пойдевори яратилаётган ушбу шижоатли кунларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ривожини таъминлаш билан бир қаторда халқимиз тафаккурининг бебаҳо хазинаси бўлмиш ўзбек тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш айни пайтдаги энг шарафли вазифалардан бирига айланди. 

Ҳар қандай миллатнинг нуфузи  шу миллат  тилининг дунё миқёсида қанчалик кенг тарқалганлиги, мукаммаллиги, оммалашганлиги, бой ва софлиги билан белгиланади. Шу маънода айтиш жоизки, она тилимиз – ўзбек тили ҳам асрлар оша ўз софлигини, ўзига хос жиҳатларини сақлаб, сайқалланиб, яшаб келаётган дунёдаги ўнлаб тиллардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда Она тилимиз миллатимиз кўрки, ғурури сифатида халқаро миқёсда кенг эътироф этилиб, ўз ўрнини топмоқда. Айниқса, Президентимизнинг 2020 йилда БМТ Бош Aссамблеясининг онлайн тарзда ўтказилган 75-сессиясида, шунингдек, 78 ва 80 – сессияларида ўзбек тилида нутқ сўзлаганлиги она тилимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширди. 

Президентимиз 2025 йил 23 сентябрь куни    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг юбилей анжумани – 80-сессиясидаги   сўзлаган нутқида: “Биз замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш тарафдоримиз. Биз Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг ҳолда, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини олиб бормоқдамиз. Бунинг учун ортга қайтмас ислоҳотларимизни изчил давом эттиряпмиз. Устувор мақсадимиз – мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини оширишдир”, деб таъкидлади.

Муҳтарам Президентимиз бошчилигида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида она тилимизга эътибор янада кучаймоқда.

Она тилимиз  миллатнинг руҳи, унинг жонли кўзгуси ва давлат тимсоли эканини эътиборга олган ҳолда, уни авайлаб-асраш ва ривожлантириш жамиятимиз ҳар бир аъзосининг шарафли  бурчидир. Демак, ўзбек тилини ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашдек масъулиятли ва шарафли вазифа барчамизнинг олдимизда турибди.

Ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий ўзидан бой шеърий, насрий ва илмий мерос қолдирган буюк мутафаккир  бўлиб, бу мероснинг ҳажми, “Лисон ут-тайр” достонида шоирнинг ўзи таъкидлашича, 100 минг байтдан иборатдир. Бу бой мерос билан Алишер Навоий ўзбек адабиётини жаҳон юксаклиги  даражасига кўтарди ва ўзбек адабий тилига асос солди.

Шу жиҳатдан,  Мир Алишер Навоийнинг ўзбек тили ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ҳар қанча гапирсак оздир. Шоир таъкидлаганидек:  

“Турк назмида чу мен тортиб алам,

Айладим ул мамлакатни якқалам”, деганида буюк шоир ва мутафаккир тилимизнинг ўз даврида нуфузи, обрў-эътиборини юксалтиришга жуда катта ҳисса қўшганини ҳақли равишда эътироф этган эди. У ўзининг бой илмий мероси билан туркий (ўзбек тили) тилнинг бошқа тиллардан устун жиҳатларини ҳам амалда кўрсатиб берди.

Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлгани Ташкилот доирасида иқтисодий алоқаларни кучайтириш билан бирга, туркий тиллар, хусусан, ўзбек тилининг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Шу жиҳатдан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур ташкилотнинг Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилиши катта аҳамиятга эга воқеликдир.

Жадидчи-маърифатчи  бобомиз, ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий ўз даврида она тилимиз борасида куюниб шундай деган эдилар: “Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”.

 Тил яшаса, миллат яшайди. Агар биз ўз тилимизнинг кўркамлиги, софлиги, бойлигини дунёга тараннум этсакгина, миллатимиз янада чароғон, бирлигимиз янада  мустаҳкам бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, барча ватандошларимизни уларнинг миллати, ёши, жинси, эътиқоди, касб-кори, лавозими ва яшаш жойидан қатъи назар, миллий ўзлигимиз ва ғуруримиз тимсоли бўлган давлат тилимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришдек шарафли  ишга ўз ҳиссаларини қўшаётганликлари учун Ўзбек тили байрамингиз муборак бўлсин, деб қоламиз.

Б.Узоков,
М.Обилқосимов,
К.Файзуллаева,
ЖизПИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчилари/

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *