Пахтакор тумани яшовчи Ғолиб Толипов (исми-шарифи ўзгартирилган) 2019 йилнинг ноябрь ойида Россия Федерациясининг Ярославль вилояти, Тутаев шаҳрига ишлаш учун боради. Дурустгина ишлаб юрган йигитнинг юриш-туриши бирданига ўзгариб қолди. Ғолиб кечалари уяли телефон орқали интернетга кириб, турли диний мазмундаги маърузалар билан танишди ва ҳаёт тарзини диний талаблар асосида ўтказа бошлади. Энг ёмони, бу йигит бузғунчи ғояларни тарқатувчиларнинг маърузалари таъсирига тушиб қолди.
У Ўзбекистон Республикасида фаолияти тақиқланган “Тавҳид ва жиҳод катибаси”, “Ўзбекистон Ислом ҳаракати”, “Ироқ ва Шом ислом давлати” ва бошқа халқаро террорчилик ташкилотларининг ғоявий таъсирига тушиб, ушбу ташкилотларнинг Марказий Осиёда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида “Халифалик” давлати қуриш тўғрисидаги ғояларини қўллаб-қувватлайди. Сўнгра ушбу халқаро террорчилик ташкилотларининг тарафдорлари “Абдуллоҳ Зуфар”, “Абу Салоҳ” ва “Тоҳир Йўлдош” ва бошқаларнинг Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга даъват қилувчи, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маълумотларини топиш ва тарқатиш мақсадида Интернет жаҳон ахборот тармоғининг “Telegraph” мессенжерида “UzNashid”, “Tohir Yo‘ldosh”, “Abu Saloh” номли виртиуал каналлар очади.
Йигитча шу мавзудаги аудио, видео ва фото материалларни “UzNashid” виртиуал каналига “Асадулла Урганчий”нинг “Хор бўлади”, муаллифи номаълум бўлган “Мужоҳидлар”, “Аллоҳ шерлари”, “Кофирларни тизимига” номли 160 дан ортиқ жиҳод қилишга даъват қилувчи материалларни, “Tohir Yo’ldosh” номли каналга муаллифи Тоҳир Йўлдошев бўлган “Тоҳир Йўлдош умматга васият”, “Тоҳир Йўлдош умматга нидо”, “Жиҳод байроғи” номли ва бошқа 44 донадан иборат аудио ва видеоматериалларни, “Abu Saloh” номли каналга 72 дона Абу Салоҳ ва бошқалар ижро қилган “Абу Салоҳ Сизларни жиҳоддан нима у…”, “Жиҳод аҳкомларини билиш” ва шунга ўхшаш аудио ва видеоматериалларни жойлаштириб, келгусида тарқатиш мақсадида сақлаб келган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг судга тақдим этган экспертиза хулосасига кўра, унга тегишли бўлган “Telegraph” мессенжеридаги “UzNashid”, “Tohir Yo‘ldosh”, “Abu Saloh” номли виртиуал каналлардан олинган материаллар амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга хизмат қилиши, мазкур маълумотлар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материаллар сирасига киришлиги, мазкур материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланиши кўрсатиб ўтилган.
Бундан ташқари Ғолиб ўзига тегишли бўлган қора рангли, хотира сиғими 2 ГБ бўлган микро флешкарта хотирасида Ўзбекистон Республикасида фаолияти тақиқланган “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” террорчи ташкилотига тегишли, турли ақидапараст оқимлар фаолиятига нисбатан хайрихоҳлик кайфиятини ўйғотиш мумкин бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган маълумотларни сақлаб келган.
Хайриятки, йигитнинг йўлидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари чиқиб қолишди. Бўлмаса, бу йигит ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, кўпчилик ёшларнинг фикрини бузиши аниқ эди.
Суд ҳукмига биноан Ғ.Толипов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисми ва 244-прим 1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор топилиб, унга 3 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Билимсизлик, калта ўйлашнинг оқибати эндигина 24 ёшга тўлган Ғолиб каби содда йигитларни тўғри йўлдан адаштирмоқда. На диний, на дунёвий илмни мукаммал билмасдан туриб, қандай қилиб халқаро террористик ва экстремистик ташкилотларнинг ғояларига ишониб қолаяпти?! Бирор касбни эгаллаш учун билим керак. Намоз ўқиш учун ҳам илм ўрганмоқ зарур. “Жиҳод” сўзининг маъносини билмасдан туриб, қандай қилиб у ҳақда гапириш, бошқаларни унга ундаш мумкин? Бугунги кунда Интернет тармоқларида диний-экстремизм, ақидапарастлик, бузғунчилик, зўравонлик ва ахлоқсизликни, “оммавий маданият”ни тарғиб этаётганларнинг аксарияти ёшлар онгини заҳарлашга қаратилганини ҳамма билади. Айниқса, ота-оналар фарзандларидан доимо хабардор бўлиб туришлари шарт. Хорижга ишга юборишдан олдин яхши-ёмонни ажратишга ўргатишлари керак. Ақл-фаросатли одам хатарли йўлга қадам ташламайди. Келажак авлодни бузғунчи ғоялар, ахборот хуружларидан, диний-экстремистик гуруҳлар таъсиридан асраш ҳар биримизнинг бурчимиз.
Мақола суд материаллари асосида тайёрланди