МЕНИ ДЎСТИМ СОТДИ

Мамлакатимиздаги ислоҳотлар, инсонга эътибор дунёдаги энг жирканч жиноятнинг олдини олишга ҳам қаратилгандир. Бундан 6-7 йил муқаддам пул топиш, рўзғор юритиш учун кўплаб юртдошларимиз хорижий юртларга норасмий кетиб, ёлланиб ишлашга мажбур бўлишарди. Ўша даврда ёшлар, хотин-қизлар одам савдоси деган балои азим қурбонига айланишган эди. Одам савдоси билан боғлиқ шу даражага етдики, қулларни сотадиган яширин бозорлар пайдо бўлди. Унинг бозори гиёҳвандлик восталари ва қурол-яроғ савдосидан кейин учинчи ўринни эгаллади.

“Мен яқин дўстим билан Россияга кетдим. Дўстим “Ёқутистондаги олмос конида ишлаймиз, маоши жуда юқори” деб ваъда берди. Краснояр шаҳридаги темир йўл вокзалида ҳар хил давлатлардан келган бир тўдага қўшилдик. Дўстим паспортимни олиб, бир одамга берди, у билан анча гаплашиб турди. Кейин ёнимга келиб, “Сен ҳозир шу одамлар билан бораверасан, мен икки кундан кейин орқаларингдан бораман”, деди.

Биз аввал поездда, кейин юк машиналарида шимол томонга юрдик. Йўлда Қирғизистондан келган йигитлар билан сўзлашиб, уларни қурилишда ишлайсизлар деб олиб кетишаётганини билиб олдим, кўнглимга шубҳа тушди.

Бизни қалин ўрмонга олиб бориб ташлашди, у ердаги яшаш шароитини итга ҳам раво кўрмайман. 15-16 соат ишлаб дарахт кесардик. Қуролли қўриқчилар беш дақиқа гулхан атрофида исиниб олишга ҳам рухсат беришмасди. Ҳолимиз “Ит ётиш, мирза туриш” эди. Шу аҳволда бир ярим йил ишладик. Хўжайинларимиз бераётган бир бўлак нони-ю, бир коса ёвғонини ҳам миннат қилишар, маош беришмасди.

Орамизда бир татар йигит бор эди. У дарахт кесувчилар ичидаги мусулмон йигитларни қочишга ундай бошлади. Биз тун яримда шивирлаб, қочиш режасини туздик.

Бизни узоқ ўрмон ичига занжирли юк машинасида олиб бориб ташлашарди. Шундан фойдаландик, кўплашиб икки нафар қўриқчини қуролсизлантириб, қўл-оёғини боғлаб ташладик. Юк машинаси ҳайдовчиси буни кўриб, бизга “Мени ўлдирманглар!” деб ялина бошлади. Аслида у ҳам бизга ўхшаб жабрланганлардан экан.

У ўрмон йўлларидан юриб, бизни темир йўл ёқасига олиб чиқди. Машинани бир фермерга яхшигина маблағ ҳисобига пулладик ва ўртада бўлиб олдик. Шу тариқа дўзахдан қочиб чиққан эдик. Қишлоғимга келсам, дўстим бир гуруҳ йигитларни сотишга олиб кетаётганида қўлга тушиб қамалибди. Энди уни қамоқдан чиқишини кутаяпман…”, дея ҳикоя қилганди Равшан исмли йигит. Одам савдоси ҳақида суриштирув олиб борсангиз қанча-қанча тақдирлар кўз олдингизда номоён бўлади. 

— Вилоятимизда 2024 йилнинг ўтган олти ой мобайнида одам савдоси билан боғлиқ бешта йирик жиноят фош этилди, -дейди вилоят ИИБ Одам савдосига қарши кураш бўлими бошлиғи, майор Хуршид Эгамбердиев. — Уларнинг 2 таси чақалоқ савдоси бўлса, 3 та ҳолатда қизларни Туркия ва араб давлатларига фоҳиша сифатида сотиш учун олиб кетилаётганда жиноятчилар қўлга олинди. Барчаси юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Жиноят содир этган икки нафар эркак, олти нафар аёл суд ҳукми билан жиноий жавобгарликка тортилди.

Мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Юртимизда амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар натижасида, бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Аввало, бу даврда одам савдоси жиноятларига барҳам беришнинг ҳуқуқий норматив базаси шакллантирилгани эътиборга лойиқдир. 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Жиноят Кодексида илк бор одам савдосига қарши курашиш мақсадида бундай ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Шу билан бирга одам савдоси трансмиллий, яъни ҳудуд ва чегара танламайдиган жиноят эканлиги ҳисобга олиниб, Ўзбекистон Республикаси томонидан бундай салбий ҳолатларга қарши курашиш борасида халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2008 йилнинг 17 апрелида «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши бу жиноятнинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш билан бирга, одам савдосидан жабрланганларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишнинг чораларини ўз ичига олди.

Одам савдоси жинояти аксарият ҳолларда алдов усули билан амалга оширилаяпти. Шу сабабли жиноятларнинг олдини олиш мақсадида меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда профилактика мақсадида учрашув ва суҳбатлар ўтказиш, содир этилган жиноятларнинг сабабларини ва уларнинг оқибатлари фуқароларга етказиб турилишини таъминлаш лозим.

Мамлакатимизда 30 июндан 30 июлга қадар вилоятларнинг “Istiqbolli Avlod” республика ижтимоий-ахборот маркази ташкилотининг бўлимларида “Одам савдосига қарши 30 кун шерикликда” марафон акцияси ҳам одам савдосига қарши курашга чорловчи тадбирдир. Мудҳиш жиноятга қарши курашишда барча юртдошларимиз бирлашиб, маҳаллаларда, таълим-тарбия муассасалари ва меҳнат жамоаларида огоҳликка қаратилган тадбирлар ўтказилиши лозим. Токи ёшларимиз, хотин-қизлар ваъда қилинган катта бойликларга ишониб, одам савдоси жабрдийдаларига айланиб қолмасин.

Асад МУСТАФОЕВ.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *