Лейшманиоз, халқ тилида “пашшахўрда” деб аталадиган касаллиги одам ва ҳайвонларда учрайдиган хавфли юқумли хасталик ҳисобланади. Унинг қўзғатувчиси — лейшмания паразитлари бўлиб, касаллик искабтопар чивинлар (москитлар) чақиши орқали юқади. Хасталик инсон организмида иситма, заҳарланиш ҳолати ҳамда тери ва ички аъзоларнинг шикастланиши билан намоён бўлади.
Сўнгги йилларда Жиззах шаҳрида тери лейшманиозининг антропоноз тури қайд этилмоқда. Бу турда касаллик манбаи асосан бемор инсон бўлиб, айрим ҳолларда итлар ҳам инфекция ташувчиси бўлиши мумкин. Касаллик аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда кўпроқ учрайди.
Инфекцияни тарқатувчи урғочи искабтопар чивинлар бемор одамдан қон сўргандан кейин 6–8 кун ичида юқумли ҳолатга келади. Соғлом инсонни чаққанда эса касаллик юқади. Хасталик асосан иссиқ фаслларда тарқалади. Инкубацион даври 2–8 ойдан 1,5 йилгача давом этиши мумкин.
Искабтопарлар — майда, қон сўрувчи икки қанотли ҳашаротлар бўлиб, оқиш-кулранг ёки жигарранг тусда бўлади. Улар қоронғи, нам ва органик чиқиндилар тўпланган жойларда тез кўпаяди. Ҳаво ҳарорати 26–30 даража ва намлик мос бўлганда ривожланиши янада кучаяди.
Мутахассислар маълумотига кўра, касаллик асосан санитария ҳолати қониқарсиз, чиқиндилар тўпланган ва қабристонларга яқин маҳаллаларда кўпроқ учрамоқда.
Тери лейшманиозига қарши курашда қуйидаги чора-тадбирларга амал қилиш муҳим:
- аҳоли пунктлари ва дала ҳудудларида дезинсекция ишларини олиб бориш;
- искабтопарлар чақишидан ҳимояланиш;
- касалларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволаш;
- ҳудудларнинг санитария ҳолатини яхшилаш;
- яраларни ёпиқ ҳолда сақлаш.
Мутахассислар хонадонлар деразаларига тўр ва сеткалар ўрнатиш, тунги пайт пашшахоналардан фойдаланишни тавсия этмоқда. Шунингдек, атроф-муҳитни озода сақлаш, чиқиндиларни вақтида тозалаш, ташландиқ қурилмаларни бартараф этиш ҳам касаллик тарқалишининг олдини олади.
Пашшахўрга қарши кураш ҳар бир фуқаронинг масъулиятидир. Санитария қоидаларига амал қилиш орқали касалликнинг олдини олиш мумкин.
Раъно Арипова,
Жиззах шаҳар СЭО ва ЖС мутахассиси.