ХАТЛОВ ИШЛАРИ ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА

“Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонунга ижроси юзасидан Зарбдор туманида ҳам хатлов ишлари белгиланган тартиб ва талаблар асосида амалга оширилмоқда.

Хатлов жараёнлари кадастр муҳандислари томонидан очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ташкил этилиб, ҳар бир объект бўйича маълумотларнинг аниқлиги ва ҳаққонийлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тумандаги ҳар бир ҳудуд босқичма-босқич ўрганилиб, ер участкаларининг амалдаги ҳолати, улардан фойдаланиш даражаси ҳамда ҳужжатларнинг қонунчилик талабларига мослиги таҳлил қилинмоқда.

Айни вақтда туман ҳудудидаги 11 та маҳаллада хатлов ишлари амалга оширилган бўлса, жорий йил якунига қадар яна 6 та МФЙда кўчмас мулкларни инвентаризациядан ўтказилиб якунлаш режалаштирилган.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда режа-жадвалга асосан 6 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг чегаралари UZKAD тизимида шакллантирилди ва ушбу маҳаллаларда 2 та инвентаризация ҳудуди яратилди. Шундан инвентаризация ҳудудидаги 1003 та кўчмас мулк объектлари бўйича хатлов қилиш ишлари бажарилди.

Бугунги кунга қадар (жорий йилнинг 11 май ҳолатига) жами хатловдан ўтказилган объектлар сони – 4535 та тани ташкил этади. UZKAD тизимига ўтказилган объектлар – 4535 та. Шундан, турар жой объектлари – 4535 та, “Эътироф” автоматлаштирилган ахборот тизимига ўтганлар – 4535 та, муҳокамада эса – 4204 та.

Ушбу кўрсаткичлар фуқароларнинг мулк ҳуқуқларини тан олиш ва расмийлаштириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг изчил давом этаётганини кўрсатади. Бу эса келгусида ер ва мулк муносабатларини тартибга солиш, фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ҳамда соҳага оид маълумотлар базасини ягона тизим асосида шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Соҳада олиб борилаётган бундай тизимли ишлар қонунийликни таъминлаш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда кадастр соҳасини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

   З. КАРШИБАЕВ,

  Давлат кадастрлари палатаси

  Зарбдор туман филиали раҳбари.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *