ҚЎЛИ ЕНГИЛ ШИФОКОР

 Ҳар бир шифокорнинг ишига энг яхши баҳони беморларнинг ўзлари беради қўяди. Шу боис беморлар палатаси эшигини тақиллатдик.

   —Ассалому алайкум, дардингизга шифо берсин, ҳаммаларинг оилаларингизни бағрига тузалиб боринглар, — дедик уларга шифо истаб.

  —Ваалайкум ассалом, келинг болам, Аллоҳга шукур, тузалиб қолдик, бахтимизга шу дўхтирлар бор экан, дардимизга малҳам бўлишаяпти.

  —Беморнинг дардига дармон бўлаётган шифокорлар ҳақида икки оғиз фикр билдирсангиз, дегандик…

  —Реанимацияда ётиб чиққан Ортиғой опа гапирсин, — деди аёллардан бири.

Шароф Рашидов туманидаги Хавастлик маҳалласида яшовчи, 77 ёшли Ортиғой Орипова шундай деди:

   — Ҳар бир беморнинг кўнглини кўтариш, ҳаётга муҳаббатини ва оширишнинг ҳам  машаққати бор экан, болам. Яинда йиқилиб реанимация бўлимига тушиб қолдим. Уч-тўрт кунда ўзимга келдим. Врачлар, ҳамширалар яхши қарашди. Мана, бир ҳафтадирки, неврология бўлимида даволанаяпман. Бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчи Раъно Йўлдошева, врачлар Ботир Хасанов, Нигора Ходжаева, Воҳид Комилов, Баҳора Тоирова, Жавлон Собировлардан бениҳоя миннатдорман. Айниқса, мени даволовчи врачим Ботиржон алоҳида эътибор билан, сабот ва матонат билан дардимга даво излаяпти. “Сиз ҳали бу касалликни кўрмагандек бўлиб кетасиз” деб менга далда бўлди, мени ҳаётга қайтарди. Кечалари ухламай ҳолимдан хабар олиб турди, барака топгур! Шундай фидоий фарзандни тарбиялаган ота-онасига, устозларига, қолаверса, унинг раҳбарларига катта раҳмат, дунё тургунча турсин! 

Кўплаб беморлар Ботиржон Хасанов ҳақида илиқ фикрлар билдиришди. Эл олқишига сазовор бўлаётган шифокор фаолияти билан яқинроқ танишишга ҳаракат қилдик.

Ботир Хасанов 2011-2013 йилларда республика нейрохирургия илмий марказида нейрохирургия мутахассислиги бўйича клиник ординатурани тамомлаган малакали мутахассис. 2014 йилда республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали нейрохирургия бўлими навбатчи врачи вазифасида тўрт йил фаолият кўрсатди. 2018 йилдан буён неврология бўлимида врачлик қилмоқда. Ота-онаси Эргаш Хасанов билан Замира Саидова унда врачлик касбига ҳавас уйғотишган. Эргаш ака узоқ йиллар вилоят юқумли касалликлар шифохонасида бўлим бошлиғи вазифасида ишлаган. Замира опа эса болалар педиатри сифатида фаолият кўрсатган. Улар Ботиржонда шифокорликка лаёқат борлигини ўз вақтида пайқаб, уни шу соҳага йўналтиришган.

—Ботиржонни ёш бўлишига қарамай неврология соҳасининг етук мутахассиси, дейиш мумкин, —дейди республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали директори Фарҳод Норқўзиев. — Доим ўз устида ишлайди, изланади. Шифохонамизда “Устоз-шогирд” анъанаси йўлга қўйилган. Тажрибали врачларимиз ёшларга устоз сифатида бириктирилган. Ботиржоннинг устози неврология бўлими бошлиғи, “Саломатлик” ордени соҳиби Замира Холмуродова. Устоз ва шогирд бақамти меҳнат қилиб, беморларни даволашда қўллашга ҳаракат қилишмоқда. Энг муҳими, уларнинг меҳнатидан беморлар миннатдор. Шифокорнинг меҳнати ана шу мезон билан ўлчанади. Бемор шифо топса, ана шу бизнинг катта ютуғимиз. Ботиржон филиал касаба уюшмаси раиси сифатида ҳам кўплаб хайрли ишларга бош-қош бўлмоқда. Ички туризмни ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшмоқда. Ходимларимизни Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига саёҳатини уюштирди. Уни тиббиёт ходимларининг жонкуяри десак муболаға бўлмайди.

   Шу йилнинг 9 ойи давомида неврология бўлимида мингдан зиёд одамлар даволаниб чиқди. Бунда албатта Ботиржоннинг ҳам ҳиссаси бор. Бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчи Раъно Йўлдошеванинг таъкидлашича, иқтидорли врач санитар авиация шаклида кўрсатиладиган шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ишларида ҳам фаол экан. Ёш шифокор вилоятимизнинг энг олис ҳудудларига ҳам бориб, беморларга тиббий ёрдам кўрсатиб келади.

—Мамлакатимизда тиббиёт соҳасига эътибор кучаймоқда, — дейди Б.Хасанов. — Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Соҳамизда ҳар куни бир янгилик ҳаётга татбиқ этилаётгани бунинг ёрқин мисолидир.  Шифокор доим изланишда бўлиши шарт. Бугунги кунда янги технологиялар, даволашнинг янги-янги усуллари кўпаймоқда. Буларни ҳаётимизга жорий қилишимиз шарт. Илгари беморлар ўн кунда даволаниб чиққан бўлса, ҳозир беш кунда шифо топаяпти. Гап вақтда эмас, замонавий технологиялар асосида касални ўз вақтида даволаниши натижаси деб тушуниш керак буни. Мен олти ой Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида ҳам ўқиб, ҳам ишлаб келдим. Бутун жаҳон тиббиётида қўлланилаётган даволаш усулларини ўзимизда ҳам қўлласак бўлади. Дунёдаги етакчи клиникалар тажрибасини ўрганишни йўлга қўйсак, тиббиётимиз янада ривожланади, деб ўйлайман.

Шифокорнинг биринчи малҳами – ширин сўзи, инсоний меҳри, деган гап бежиз айтилмаган. Озроқ меҳр берсангиз, кўнгли ёришади. Касалнинг кўнглига йўл топиш даволаш учун ташланган илк қадамдир.

Мен учун беморлар дарддан фориғ бўлиб, миннатдорчилик билдирса, шунинг ўзи катта бахт. Шундай кезларда шарафли ва машаққатли касб эгаси эканлигимдан қалбим қувончга тўлади.

  Қани энди ҳамма шифокорлар ҳам Ботиржондек меҳрибон, ғамхўр бўлса… Эл-юрт саломатлигини асраш йўлида бор билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳоратини сафарбар этиб келаётган азиз шифокорлар эл олқишин олаверинг.

Васил ИЛЁСОВ.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *