Шароф Рашидов туманининг “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида йирик бунёдкорлик лойиҳаларидан бири — замонавий “Яшил парк” барпо этилмоқда. 10 гектар майдонни эгаллаган ушбу лойиҳа ҳудуднинг ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг дам олиш маданиятини юксалтириш ҳамда экологик муҳитни яхшилашга хизмат қилади.
Мазкур лойиҳа Жиззах вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ДМ буюртмачилигида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади — аҳолига қулай, замонавий ва экологик барқарор дам олиш масканини яратишдир.
Ҳозирги кунда лойиҳанинг иккинчи босқич ишлари доирасида “Мукаммал қурилиш савдо” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Дилдора Сафарова” хусусий корхонаси пудратчи ташкилотлари томонидан ҳудудда комплекс ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, очиқ майдонда турли маданий тадбирлар ўтказиш имконини берувчи амфитеатр қурилмоқда. Бу эса ҳудудда маданий ҳаётни янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва ёшлар учун кўнгилочар маскан сифатида фойдаланишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, пиёдалар учун қулай ва хавфсиз йўлаклар барпо этилди. Замонавий дизайнга эга фавворалар ҳудудга эстетик кўриниш бахш етиб, ташриф буюрувчилар учун янада жозибадор муҳитни шакллантиради.
Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири — яшил ҳудудларни кенгайтириш ва уларни самарали сақлаш тизимини йўлга қўйишдир. Шу мақсадда замонавий суғориш тизими жорий этилиб, турли дарахт кўчатлари ва манзарали ўсимликлар экилди. Шунингдек, ҳудудда сунъий ҳовуз барпо этилиши кўзда тутилган бўлиб, у нафақат ландшафт дизайнининг муҳим элементи, балки микроиқлимни яхшилашга ҳам хизмат қилади.
Aлоҳида таъкидлаш жоизки, қурилиш жараёнида сифат масаласи устувор йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда. Вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ДМ томонидан олиб борилаётган барча ишлар белгиланган меъёр ва стандартлар асосида мунтазам назорат қилинмоқда. Қурилиш материалларининг сифати, бажарилаётган ишларнинг техник талабларга мослиги ҳамда лойиҳа ечимларининг тўлиқ ва аниқ амалга оширилиши доимий назоратда. Бу бунёд этилаётган масканнинг узоқ муддат хизмат қилиши ва хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Aлбатта, бундай лойиҳалар ҳудуднинг экологик барқарорлигини таъминлаш, ҳавонинг сифатини яхшилаш ва аҳолининг саломатлигига ижобий таъсир кўрсатишда муҳим омил ҳисобланади. Aйниқса, шаҳарларда яшил ҳудудлар улушини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири сифатида қаралмоқда.
“Яшил парк”нинг барпо этилиши натижасида нафақат Янгиобод маҳалласи, балки туман аҳолиси учун замонавий дам олиш маскани яратилади. Ушбу маскан келгусида оилавий ҳордиқ чиқариш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун муҳим марказга айланиши кутилмоқда. Шунингдек, лойиҳа ҳудуднинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга ҳам туртки беради. Бу эса, ўз навбатида, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Илҳом КАРАЕВ,
Жиззах вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи
хизмати” ИК ДМ бош муҳандиси.