ЎТМИШ ВА КЕЛАЖАККА ҚЎЙИЛГАН КЎПРИК

— Эшитишимча, у ерга кирган одам ўзини бошқа бир даврга тушиб қолгандек ҳис қиларкан…

— Бормасак бўлмайди. Ахир дунё тан олган масканни кўрмасдан туриб, тарих ҳақида қанча гапирмайлик, бир жойи кемтикдай…

Пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуаси бағрида қад ростлаган, фойдаланишга топширилганидан сўнг қисқа вақт ичида дунё назарига тушган Ислом цивилизация марказига таҳририятимиз жамоаси билан йўлга отланар эканмиз, барчамизда ҳаяжон, катта қизиқиш, интиқлик бор эди. Гўё биз музейга эмас, ўз ўтмишимиз билан учрашувга кетаётгандек эдик.

Саккиз йилдан зиёд вақт мобайнида барпо этилган ушбу муҳташам мажмуа жорий йилда Guinness World Records томонидан “Дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи” сифатида эътироф этилди. Марказ майдони — 10 гектар, бинонинг узунлиги — 161 метр, кенглиги — 118 метр, гумбазнинг баландлиги — 65 метр, хоналарнинг умумий майдони эса қарийб 50 минг квадрат метрни ташкил этади. Айнан шу хусусиятлар жаҳон рекордига асос бўлди. Шунингдек, хорижий мутахассислар бу мажмуани “цивилизациялар мулоқоти майдони”, “инсоният меросининг тирик хазинаси” деб атадилар.

ИЛК ТААССУРОТ

2026 йил 15 май. соат 10:00. Тошкент. Осмонўпар бинолари, сершовқин кўчаларидан ўтиб қадимий мажмуага кириб борар эканмиз, замонавий шаҳардан бир зумда ўтмишга ўтиб қолгандек бўлдик. Атрофдаги иншоотлар, ҳаттоки Чорсу бозорига яқин маҳалла ҳам миллий кўринишда, ўзбекона нақшлар, тарихни эслатувчи деталлар, анъаналаримизни акс эттирган безаклар билан бойитилган. Осмон қадар кўтарилган улкан ҳаворанг гумбаз, салобатли пештоқлар, миллий нақшларнинг бетакрор уйғунлигини ўзида акс эттирган музей биносининг салобатидан алланечук тўлқинландим, тўғрироғи мажмуанинг салобати босди. Атрофда минглаб сайёҳлар маҳобатли масканни томоша қилишар, юртдошларимиз сайлгоҳларда айланиб юришар, тинч ва сокин манзарани  фақат шўх-шодон болалар қийқириғи, тобора авжига чиқиб бораётган ўйин-кулгулари бузиб турибди, холос…

Хаёлимга келган илк таассурот – бу ерда гўёки ўтмиш ва келажак ўртасига бир кўприк қўйилгану, шунинг устидан ҳамма эркин ўтиб қайтаяпти.

Турнақотор навбат билан ниҳоят музей ичига йўл олдик. Киришдаги улкан залнинг баланд деворларида тарихимизнинг буюк сиймолари тасвирланган.

Бу ерда “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” каби бўлимлар ташкил этилган.

КЎЗ ЎНГИМДА ТАРИХ ЖОНЛАНДИ…

Дастлабки бўлимга кириб борар эканмиз, жамоага бириктирилган саёҳат бошловчиси исломдан олдинги давр ва ислом динининг Марказий Осиёга кириб келиши, дастлабки уламолар, қадимий шаҳарлар ва ислом маданияти тарихи ҳақидаги маълумотларни сўзлай бошлаши ҳамоно, кўз ўнгимизда тарих жонланди…

Мазкур даврлар тарихи турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали намойиш этилар, бу эса гўё вақт машинасини ишга туширгану у минг йиллар олисга олиб боргандек. Замонавий технология мажмуада шу қадар моҳирона ишлатилганки, ҳар бир тарихий факт визуал кўриниш олган, ҳеч бир детал шунчаки нигоҳдан йироқда қолиб кетмайди ва эътиборни тортмай қўймайди. Экранлардаги жонлантирилган саҳналар, тасвир ва овоз уйғунлиги, қадимий қўлёзмаларнинг рақамли тақдимоти — буларнинг барчаси вақт машинасига ўхшарди. Биз билган тарихнинг қаршимизда техника кўмагида жонланиб келиши янада таъсирли, янада кенг таассуротларни олиб келди.

Кейинги – “Биринчи Ренессанс” бўлимида ўзингизни ҳақиқий илм хазинаси ичида ҳис қиласиз. Муҳаммад ал-Хоразмий ҳақида сўзловчи тасвирлар худдики у яратган алгебранинг асосидаги ахборот технологиялари бир ипга тизилиб тургандек.

Кўнглимдан ўтганини сезгандек саёҳатчилардан бири секингина деди:

— Қаранг, дунё бугун фахр билан ишлатаётган рақамли цивилизациянинг илдизи бизнинг заминдан чиққан-а?..

Бу гапдан алланечук тўлқилланиб кетдим.

Аҳмад ал-Фарғонийнинг коинот сирларини очишга қўшган ҳиссаси, Берунийнинг илмга бўлган чексиз муҳаббати, Ибн Синонинг тиббиёт соҳасидаги буюк кашфиётлари ҳақидаги экспозициялар – буларнинг барчаси шу эл фарзандиман, деганни ғурурлантириши табиий. Алишер Навоий ҳақидаги маълумотлар, унинг ҳайбатли ва жонли тасвирлари ўзбек тилининг нақадар бой ва улуғ эканини кўрсатиб турибди.

БУЮКЛАР БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ

“Иккинчи Ренессанс” бўлими Темурийлар даври (XIV–XV асрлар) – Амир Темур давридаги давлатчилик ва маданият ривожи, Мирзо Улуғбек ва унинг расадхонаси, илмий кашфиётлари, ўша даврда Самарқанд, Бухоро, Ҳирот каби шаҳарларнинг гуллаб-яшнаши, меъморчилик, наққошлик ва миниатюра санъатининг юксалиши, илм-фан, адабиёт ва мадрасалар ривожи ҳақида материаллар расм, видео, жонлантирилган кўргазма элементлари билан шу қадар тасвирланганки, Сизда тарихнинг ичига кириб борганингиздек, ўша замонга бориб шахсан гувоҳ бўлгандек таассурот қолдиради.

Ислом маърифатига бағишланган бўлим эса алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу бўлинмада Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби улуғ алломаларнинг ҳаёти ва фаолияти кенг ёритилган. Ислом динининг асл моҳияти  – илм, одоб ва бағрикенглик экани кенг акс эттирилган. Бу ердаги ҳар бир маълумот инсонни эзгуликка, маънавий покликка чорлайди. Айниқса, аждодларимиз илм билан бутун дунёга танилганини, маълуму машҳур бўлганини англаш қалбларни фахр ва шукроналик ҳиссига тўлдиради.

Тарихимизда ўчмас из қолдирган аёллар ҳақида сўзловчи бўлим ўзбек аёли азалдан фақат оила эмас, маърифат ва маданият таянчи ҳам бўлганини яна бир бор англатади. Бибихоним, Гавҳаршодбегим, Нодирабегим, Увайсий каби аёлларнинг илм-фан ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси ҳақидаги маълумотлар кишини миллатимиз аёлларига нисбатан янада катта ҳурмат билан қарашга ундайди.

 РУҲИЙ ЮКСАЛИШ…

Якуний манзил марказнинг энг муҳташам ва таъсирли қисми – Қуръони карим зали бўлди. Бу ерга кирган ҳар қандай киши қалбида сокинлик ва руҳий юксалиш ҳисси пайдо бўлади. Зал марказида мусулмон оламининг бебаҳо дурдонаси — қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилган. У катта гумбаз остида жойлашган саккизбурчак шакл билан ўралган.

Ушбу муқаддас қўлёзма қаршисида турган инсон вақт чегараларини унутади. Гўё ўн тўрт асрлик тарих сиз билан суҳбатлашаётгандек. У бутун инсоният маънавиятининг тирик гувоҳи ҳам. Шу билан бирга, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхалари, эски ўзбек тилидаги таржималар ва дунёдаги энг нодир қўлёзмалар айнан шу ерда жамланган.

Сал ўтиб томошабинлар учун беш дақиқалик шоу намойиш этилди. Қуръон оятларининг нурга айланиб осмондан саҳифаларга тушиши, майин тиловат, гумбаз бўйлаб таралган визуал тасвирлар… Ҳар бир иштирокчининг қалб тубигача етиб борадиган унутилмас онни ҳадя қилди. 

Бу ер шунчаки музей эмас, миллатнинг хотираси, халқнинг ғурури, келажак авлод учун қолдирилган улкан маънавий мерос.

                                      *   *   *   *   *

Марказдан чиқар эканман, ўзимни аввалгидан бошқачароқ ҳис қилдим. Гўё аждодларимнинг руҳи менга куч, ғурур ва ишонч бағишлагандек эди. Шубҳасиз бу ерга келган ҳар бир ёшнинг қалбида буюк тарихга эга халқнинг келажагига улкан ишонч уйғонади.

Энг муҳими, бу мажмуа дунёга бир ҳақиқатни яна бир бор намоён қилди: Ўзбекистон буюк цивилизация, юксак илм ва маърифат бешигидир. Аждодларимиз қолдирган мерос эса бугун ҳам инсониятни эзгулик, бағрикенглик ва тараққиёт сари чорламоқда.

 Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *